Ўзбекистонда энди пул ипак қўшилган қоғоздан ишлаб чиқарилиши мумкин

Жамият

image

Банкнотлар, қимматли қоғозлар ва бошқа ҳужжатлар учун ҳимоя хусусиятлари оширилган табиий ипак толалари қўшилган қоғоз тайёрлаш технологияси дунёда илк бор Ўзбекистонда ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Адлия вазирлиги “Давлат белгиси” давлат унитар корхонаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мутахассислари ўзаро ҳамкорликда инновациявий усулда табиий ипак толалари қўшилган ҳимояланган қоғозларни тайёрлаш бўйича изланишларга патент берди. 

Мазкур ихтиро туфайли ҳимоя элементлари таркибига табиий ипак толалари қўшилган қимматбаҳо қоғозни бошқа турдаги қоғозлардан ажратиш имконияти пайдо бўлади.

Келтирилишича, қоғоз тайёрлаш жараёнида табиий ипак толалар қоғоз массасига қўшилади ва сўнгра унга флуоресцент эритмаси шимдирилади. Ультра бинафша нурлар билан ёритилганда ипак оқсили кучайтирилган тўқ рангга киради ва шу йўсинда қоғоз қалбакилаштиришдан ҳимояланади. Бир хил қалинликдаги табиий ипакнинг қоғоз таркибига қўшилиши натижасида унинг мустаҳкамлиги бир неча баравар ошади.

“Қайд этиш лозимки, мазкур ихтиро – ипак толаси қўшилган қоғоз тайёрлаш технологияси дунёда банкнотлар, ҳимояланган ҳужжатлар ва қоғозлар ишлаб чиқаришда пешқадам ҳисобланган хорижий компаниялар мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди”, дейилади банк хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон пул ипак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг