Ўзбекистонда дрон билан ушланган россиялик сайёҳ оқланди

Жамият

image

Суд жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистонга дрон олиб киргани учун ҳибсга олинган россиялик сайёҳ Полина Ермаковани оқлади. У аллақачон уйига учиб кетган. Бу ҳақда ТАСС Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот котиби Дмитрий Даниловга таяниб, хабар берди. 

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерацияси фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-4-моддаси (учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. 

“Суд қарорига кўра, Полина Ермакова оқланган, бироқ у ҳибсга олингани учун дрон олиб қўйилган, россиялик аёл эса аллақачон уйига учиб кетган”, деган Данилов. 

Унга кўра, Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган Ермакова судгача озодликда бўлган.

Энг қизиғи, Қирғизистонда саёҳат қилиб, кейин Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳ мамлакат чегарасида уни текширувдан ўтказган чегарачига сумкасида дрон борлигини айтган, шунга қарамасдан чегарачи унга мамлакатга киришига рухсат берган.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш воқеа россиялик блогер Максим Лимар билан содир бўлган эди, у Бухородан Новосибирскка учаётганида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинганди. Орадан бироз вақт ўтиб, суд қарори билан у жаримага тортилди ва Россияга учиб кетди.

Ўзбекистонда 2015 йилдан бошлаб ҳукумат қарори билан мамлакат ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш ва улардан фойдаланишга чекловлар жорий этилган.

2019 йилда республика дронлар ноқонуний олиб кирилиши ва эксплуатацияси учун жавобгарликни кучайтирди.

Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишга фақат ҳукумат рухсати билан йўл қўйилади, бу рухсатнома юридик шахсга идоравий вазифаларни бажариш учун берилиши мумкин. Республика қонунчилигига биноан учувчисиз аппаратларни олиб кириш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия сайёҳ дрон Полина Ермакова

Баҳолаганлар

209

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг