Ўзбекистонда долларлашувни камайтириш режалаштирилмоқда
−
12:14 444 4 minutes
Ўзбекистонда долларлашувни камайтириш, миллий валютада кредитлаш ва омонатлар ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда. Давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш ҳам вазифалар қаторига киритилди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов “Ахборот” дастурига берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишичаа, ушбу масалалар жорий йилнинг 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган. Тимур Ишметовнинг айтишича, 2027 йил Ўзбекистоннинг узоқ муддатли иқтисодий мақсадларига эришишида муҳим босқич бўлади. Бунинг учун нархлар барқарорлигини таъминлаш, пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш ва банк секторини ислоҳ қилишни давом эттириш зарур.
Марказий банк фаолиятининг асосий йўналишларидан бири иқтисодиётнинг хорижий валютага боғлиқлигини камайтиришдан иборат бўлади.
“Асосий масала – бу долларизация даражасини камайтириш, сўмга бўлган ишончни ошириш орқали умуман иқтисодиётда кўпроқ сўмда қарз олиш, сўмда кредитлаш, аҳолининг ҳам депозитларини, кредитларини асосан сўмга ўтказиш масаласи кўтарилган”, дейди Тимур Ишметов.
Унинг сўзларига кўра, долларлашув даражасини пасайтириш хорижий валютадаги операциялар ва қарз олиш билан боғлиқ хатарларни камайтириш учун зарур.
Хусусан, миллий валюта қадрсизланган тақдирда, хорижий валютада олинган кредитларга сўмда ҳисобланадиган хизмат кўрсатиш харажатлари ошади. Бу, айниқса, даромадини миллий валютада оладиган, бироқ доллар ёки бошқа хорижий валюталарда мажбуриятлари мавжуд қарз олувчиларга таъсир кўрсатади.
Марказий банк олдига қўйилган вазифалардан яна бири пул-кредит сиёсати воситалари самарадорлигини оширишдан иборат. Бунинг учун регулятор ликвидликни бошқариш имкониятларини кенгайтириш ва ички молия бозорларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
“Биз ҳам валюта бозорида, ҳам банклараро бозорда янги воситаларни киритамиз. Умуман, Марказий банкнинг монетар сиёсати воситаларининг самарадорлигини оширамиз”, дейди Ишметов.
Йиғилишда инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлиги бўйича ўрта муддатли мақсадларга эришиш вазифаси ҳам белгиланган. 2027 йил учун давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилиш доирасида келгуси йилда инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, кейинчалик эса уни 5 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилган.
Аввалроқ, Марказий банк пул-кредит сиёсатининг 2027–2029 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари лойиҳасини тақдим этган. Унинг базавий сценарийсида 2027 йилнинг иккинчи ярмида инфляцияни мақсадли 5 фоизгача пасайтириш кўзда тутилган.
Ҳужжатда банк тизимидаги ликвидликни бошқаришни такомиллаштириш, фоиз коридорини қайта кўриб чиқиш, UZONIA ставкасининг пул бозори учун асосий кўрсаткич сифатидаги ролини кучайтириш, фоиз ва валюта хатарларидан ҳимояланиш воситаларини ривожлантириш назарда тутилган.
Бундан ташқари, бозор иштирокчиларига валюта курслари ва фоиз ставкаларининг ноқулай ўзгаришларидан ҳимояланиш имконини берувчи ҳосилавий молиявий воситалар – деривативлар бозорини ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Давлат банклари хусусий қўлларга ўтадими?
Марказий банк раиси давлат банкларини трансформация қилиш ва айрим банкларни хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш масаласига ҳам тўхталган.
“Иккинчи йўналиш – бу давлат банкларининг трансформациясини жадаллаштириш, айримларини хусусийлаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилган. Бу ҳам нима мақсадда – кейинги ўн йилликда иқтисодий ўсишни янги даражага ошириш, умуман иқтисодиёт сифатини янги даражага кўтариш учун бизга шунга мос банк тизими керак бўлади”, дейди Тимур Ишметов.
Унинг айтишича, банк секторини модернизация қилиш иқтисодиётни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш шартларидан бири ҳисобланади.
Йиғилиш якунлари бўйича эълон қилинган расмий хабарда ҳам банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, кредит ресурслари ҳажмини ошириш ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Хусусийлаштириш жараёнларига қарамай, давлат иштирокидаги банклар Ўзбекистон банк секторининг катта қисмини эгаллаб турибди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига давлат иштирокидаги банклар банк тизими активларининг 60,8 фоизига эгалик қилган. Бу 1,045 квадриллион сўмлик умумий активларнинг 634,9 триллион сўмини ташкил этади.
Давлат иштирокидаги банкларнинг жами кредит портфелидаги улуши 64,6 фоизга (659,1 триллион сўмдан 425,8 триллион сўм), банклар капиталидаги улуши 57,8 фоизга (152,9 триллион сўмдан 88,3 триллион сўм), депозитлардаги улуши эса 50,2 фоизга (501 триллион сўмдан 251,5 триллион сўм) тенг бўлган.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон тижорат банкларининг умумий кредит қўйилмалари ҳажми 659,1 триллион сўмни ташкил этган. Шундан 252,3 триллион сўми хорижий валютадаги кредитларга тўғри келган. Валютадаги кредитларнинг умумий кредит портфелидаги улуши 38,3 фоизни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 39,3 фоиз бўлган. Яъни бир йил давомида хорижий валютадаги кредитлар улуши 1 фоиз пунктга камайган.
Бироқ хорижий валютадаги кредитларнинг сўмдаги эквиваленти 228,7 триллион сўмдан 252,3 триллион сўмгача ёки 10,3 фоизга ошган. Бу уларнинг умумий кредит портфелидаги улуши кредитлар ҳажми камайгани ҳисобига эмас, балки умумий кредит портфели ўсиши фонида қисқарганини англатади. Депозитлар бўйича долларлашув даражасининг пасайиши эса янада сезиларли бўлган.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига банклардаги депозитларнинг умумий ҳажми 501 триллион сўмга етган. Шундан 93,1 триллион сўми хорижий валютадаги омонатларга тўғри келган. Валютадаги депозитларнинг умумий депозитлар ҳажмидаги улуши бир йил давомида 22,5 фоиздан 18,6 фоизгача, яъни 3,9 фоиз пунктга камайган. Бироқ уларнинг ҳажми 83,7 триллион сўмдан 93,1 триллион сўмгача ошган.
Шундай қилиб, банк тизимида депозитлар долларлашувининг пасайиши кредит портфелига нисбатан тезроқ кечмоқда. Шунга қарамай, хорижий валютадаги кредитлар ҳануз банк тизимидаги жами кредит қўйилмаларининг учдан биридан кўпроғини ташкил этмоқда.
Live
AllShavkat Mirziyoev Ummonga bordi
16 November
Bangladeshda tikuvchilar ish tashlamoqda
16 November