Ўзбекистонда болалар орасида Коксаки вируси тарқалдими?

Ўзбекистон

−

visibility2402 timer1 дақиқа

image

Ижтимоий тармоқларда болалар орасида Коксаки вируси тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси расмий муносабат билдирди.

Қўмита маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда энтеровирусли инфекциялар, жумладан, Коксаки вируси бўйича эпидемиологик вазият барқарор ва назорат остида. Касалликнинг эпидемиологик тарқалиши бўйича хавотирли ҳолат кузатилмаяпти.

Шунингдек, Санепидқўмита Коксаки вируси энтеровируслар гуруҳига мансуб юқумли касаллик қўзғатувчиси эканини эслатган. Унинг 30 га яқин тури маълум.

Касаллик болаларда 39–40 даражагача иситма, кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи, тана тошмалари, оғиз, тил ва милкда оғриқли яралар ҳамда пуфакчалар билан намоён бўлиши мумкин.

Вирус ҳаво-томчи йўли, ифлос қўллар, ўйинчоқлар, умумий идиш-товоқлар ҳамда бемор билан бевосита алоқа орқали юқади.

Қўмита фуқароларга шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни совун билан мунтазам ювиш ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланишни тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қизамиқ билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлиги ҳақида маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг