Ўзбекистонда “Бола ҳимояси” тизими ишга туширилади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Бола ҳимояси” ягона электрон дастурий мониторинг тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳа ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда болаларга ғамхўрлик қилишга мутасадди бўлган тузилмаларнинг масъулиятини янада ошириш, ушбу йўналишда идоралараро тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Таъкидланишича, айни пайтда назоратсиз ва қаровсиз қолган болалар ҳисобини юритиш ягона базасини мавжуд эмаслиги бу соҳада тизимли таҳлил қилиш имконини бермаяпти.

Таҳлиллар ижтимоий ҳимояга муҳтож чин етимлар, ота-онаси чет элга кетган, ажрашган ҳамда нотинч оилалар фарзандлари баъзан назоратсиз ва қаровсиз қолаётганлигини кўрсатмоқда. Оқибатда бундай болалар жиноят кўчасига кириб қолиши, айрим ҳолларда эса балоғатга етмаган ёшлар ўртасида эрта туғруқ, ўз жонига суиқасд қилиш каби салбий ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Шу боис, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, илғор хорижий тажриба асосида мавжуд тартибни қайта кўриб чиқиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қоляпти.

Бош прокуратура ташаббуси билан шу каби яна кўплаб муаммоларни бартараф этишга қаратилган “Бола ҳимояси” электрон дастурий таъминот тизими ишлаб чиқилиб, тажриба тариқасида Бухоро вилоятида муваффақиятли ишга туширилган. 

Бу тизим ота-она қарамоғисиз қолган ҳар бир бола тўғрисидаги барча зарур маълумотларни ўз ичига олади. У орқали ҳар бир боланинг аҳволи, нима билан машғуллиги, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатини ким қай тарзда таъминлаётганини бевосита кузатиш мумкин.

Мазкур тизим синов тариқасида ишлаган икки ой мобайнида вилоятдан чет элга чиқиб кетган ота-оналарнинг 493 нафар болалари тизимга киритилиб, уларнинг 386 нафарига васий, 107 нафарига ҳомий тайинланган.

Тизимда назоратсиз ва қаровсиз қолган болаларга доир маълумотларнинг секторлар кесимида таҳлил қилиниши имконияти яратилганлиги сабабли 1 086 нафар болаларга ўқув қуроллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар  берилиши ҳамда 536 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланди, 43 нафари таълимга жалб қилиниб, ҳуқуқлари тикланди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бола ҳимояси” ягона электрон дастурий мониторинг тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси мазкур тизимни мамлакат миқёсида жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ва электрон дастурий тизимни тўлақонли ишга туширилиши натижасида:

•    ҳужжатлар айланишининг қоғоз шаклидан воз кечилиб, уларни электрон тайёрлаш, юклаш ва тезкор айланиш (онлайн) имконияти пайдо бўлади, яъни васий ва ҳомий тайинлаш жараёни автоматлаштирилади;

•    ортиқча сансалорлик ҳамда суиистеъмолчиликлар олди олинади;

•    ягона маълумотлар базаси шаклланиб статистик кўрсаткичлар ҳаққонийлиги таъминланади;

•    боланинг таълим-тарбияси ва соғлиғи, тўгаракка жалб қилинганлиги ҳамда ота-онасининг бандлиги ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида кузатиб борилади;

•    болалар назоратсиз ва қаровсизлигини секторлар кесимида таҳлил ва назорат қилиш имконияти яратилади.

Қайд этилишича, қарор лойиҳасининг қабул қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча молиявий харажатлар сарфланишига олиб келмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

бола

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made