Ўзбекистонда бир нафар бола “Кавасаки синдроми”га гумон қилинди
Жамият
−
04 Сентябрь 2020
36627Аввалроқ, коронавирус юқтириб олган болаларда "Кавасаки синдроми" аломатлари пайдо бўлаётгани, ушбу синдром Ўзбекистондаги болаларда ҳам кечаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 4 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова яна ушбу масалага тўхталди.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда бугунгача бир нафар бемор ушбу синдромга гумон қилинган. Бироқ текширувлар натижасида болада ушбу синдром кечаётгани инкор қилинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адан Гебрейесус барча мамлакатлардаги шифокорлардан коронавирус юқтириб олган болаларда “Кавасаки синдроми” (мултисистемали яллиғланиш) аломатлари пайдо бўлаётганига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтган.
Абдусаматова ЖССТ раҳбарининг сўзларини келтираркан, сўнгги пайтларда Корея, Европа ва Шимолий Кореядан келаётган хабарларда интенсив терапия бўлимларига мултисистемали яллиғланиш ҳолатига тушиб қолган, “Кавасаки синдроми”га ва заҳарли шок синдромига ўхшаш аломатларга эга болалар ётқизилаётганини айтади. Маълумотларга қараганда, бу синдромнинг ривожланиши айнан коронавирус билан зарарланиш оқибатида юзага келаётган бўлиши мумкин.
Кеча, 3 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева ҳам ушбу масалага тўхталиб, шундай деганди:
“Бизнинг давлатимизда бу касаллик учрамади дейишимиз қийин, балки болаларда кечган ўрта оғир турларида бу касаллик белгилари ўхшаш ҳолатлар кузатилган бўлиш эҳтимоли бор.
Бизда бу синдром учради дейишимиз учун касаллик тасдиқланиши керак. Бугунги кунда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар аниқ ўз тасдиғини топмади. Бироқ бу бизда кузатилмайди ҳам дегани эмас. Кавасаки синдромига ўхшаш касалликлар болаларда кузатилиши ва кўпайиши ҳам мумкин”.
Кавасаки синдроми” генетик касаллик бўлиб, у асосан 4-5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Бу — жуда ҳам кам учрайдиган катта ва майда қон томирлар ўзгариши, бола организмининг тизимли ўзгариши билан кечадиган касаллик.
Таъкидланишича, бу синдромга ўхшаш касаллик келиб чиқишида коронавирус таъсирида бола организмида кечадиган кучли яллиғланиш унинг иммун тизимини кучайиши, қон-томирлар ўтказувчанлигининг бузилишини келтириб чиқаради.
Бунда боланинг тана ҳарорати 5 кун ва ундан ортиқ 38 даражадан юқори бўлади. Танасида турли тошмалар тошиши, қўллар кафти ва товонлар териси кўчиши кузатилиши мумкин.
LiveБарчаси