Ўзбекистондаги болаларда ҳам “Кавасаки  синдроми” кузатилаётган бўлиши мумкин – Эксперт

Саломатлик 20497
image

Коронавирус  юқтириб олган болаларда  "Кавасаки  синдроми" аломатлари пайдо бўлмоқда. Ушбу синдром Ўзбекистондаги болаларда ҳам кечаётган бўлиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистонда бу синдром билан оғриш ҳолати ҳали расман тасдиқланмади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди. 

“Кавасаки синдроми” генетик касаллик бўлиб, у асосан 4-5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Бу — жуда ҳам кам учрайдиган катта ва майда қон томирлар ўзгариши, бола организмининг тизимли ўзгариши билан кечадиган касаллик. 

Бугунги кунда ривожланган давлатларда, Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистонда ҳам бу синдромга ўхшаш ҳолатлар болаларда кузатилаётгани ҳақида маълумотлар бор”, дейди эксперт.

Ўзбекистонда болаларнинг коронавирусга чалиниши билан очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлигига журналист томонидан болалар ўртасида коронавирус аниқланиши ва ўлим ҳолатлари бўйича бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, ССВ бу масалада сукут сақлаб келмоқда. 

Штаб аъзоси “Кавасаки синдроми” ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда бу касаллик учрамади дейиш қийинлигини урғулайди. 

“Бизнинг давлатимизда бу касаллик учрамади дейишимиз қийин, балки болаларда кечган ўрта оғир турларида бу касаллик белгилари ўхшаш ҳолатлар кузатилган бўлиш эҳтимоли бор. 

Бизда бу синдром учради дейишимиз учун касаллик тасдиқланиши керак. Бугунги кунда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар аниқ ўз тасдиғини топмади.  Бироқ бу бизда кузатилмайди ҳам дегани эмас. Кавасаки синдромига ўхшаш касалликлар болаларда кузатилиши ва кўпайиши ҳам мумкин”, дейди Севара Убайдуллаева.  

Таъкидланишича, бу синдромга ўхшаш касаллик  келиб чиқишида коронавирус таъсирида бола организмида кечадиган кучли яллиғланиш унинг иммун тизимини кучайиши, қон-томирлар ўтказувчанлигининг бузилишини келтириб чиқаради.

Бунда боланинг тана ҳарорати 5 кун ва ундан ортиқ 38 даражадан юқори бўлади. Танасида турли тошмалар тошиши, қўллар кафти ва товонлар териси кўчиши кузатилиши мумкин. 

“Бола организмида кечаётган жараённи оғир ёки енгиллигига қараб бу белгилар кузатилади.  

Ота-оналар болаларда шамоллаш аломатларини пайдо бўлиши билан поликлиникалардаги оилавий шифокор ёки педиатрга мурожаат этиши лозим.

Бу синдром юрак миокардига бўлган таъсири сабаб миокардит касаллигини келтириб чиқаради, баъзи ҳолларда бола организмидаги кучли иммун реакция унинг ўлими сабабчиси бўлиб қолиши ҳам мумкин”, дейди эксперт.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 688
Рейтинг: 3
t
×