Ўзбекистонда биноларнинг зилзилабардошлиги қандай аниқланади?
Жамият
−
08 Февраль 2023
13023Ўзбекистонда биноларнинг сейсмик хавфсизлик масалаларига лойиҳа олди жараёнидаёқ эътибор қаратилади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири биринчи ўринбосари Давронжон Одилов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ф.А.Мавлонов номидаги Сейсмология институти томонидан махсус харита ёрдамида ҳудуднинг зилзилабардошлиги аниқланади. Бу сейсмиканинг бошланиши – зилзилабардошлик деган тушунча шу ердан пайдо бўлади. Яъни, ҳудуднинг зилзилабардошлиги ўрганилиб, бу борада ташхис қўйилади.
“Кейинги босқич лойиҳа ишларининг бошланиш жараёни ҳисобланади, буни ҳатто лойиҳа олди жараёни дейиш ҳам мумкин. Бунда лойиҳачига буюртмачи томонидан тақдим қилиниши шарт бўлган ҳужжатлар бор. Уларнинг ичига лойиҳа ҳудудининг геология-муҳандислик хулосаси ва топохаритаси киради. Бу иш билан шуғулланувчи ваколатли орган “ЎзгашЛИТИ” институти ҳисобланади. Бугунги кунда бу ишлар хусусий сектор томонидан ҳам бажариб келинмоқда. Булар – зилзилабардошликнинг лойиҳа олди ишлари.
Бундан кейин лойиҳа жараёнига киришилади. Бунда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан доимий равишда илмий-амалий ишлар олиб борадиган Қурилиш меъёрий қоидалари (ҚМҚ)га асосан, лойиҳачи лойиҳа олди ҳужжатларини буюртмачидан тўлиқ қабул қилиб олганидан кейин лойиҳа ишини бошлайди. Уни амалга ошириш жараёнида ҳар бир ҳудудда геология муҳандислик қидирув ишлари хулосасидаги сейсмик параметрларга биноан лойиҳалашни бошлайди. Лойиҳада сейсмик параметрлар бўйича зилзилабардошлик қисмига лойиҳа бош архитектори билан биргаликда, бош муҳандис асосий жавобгар ҳисобланади. Асосий иш лойиҳа бош муҳандисининг масъулиятида туради ва у лойиҳа ишларини якунлагандан кейин экспертизага топширади. Давлат органи ҳисобланган экспертиза Қурилиш вазирлиги қошида фаолият юритади”, дея тушунтирди Давронжон Одилов.
Шунингдек, у экспертиза хулосаси хусусий фирмалар томонидан ҳам берилиши ва бу каби тадбиркорлик субъектлари вазирлик томонидан аккредитация қилинишини таъкидлади.
Экспертизанинг эса мажбурий томонлари мавжуд. Шуларнинг энг асосийси – бу обектнинг зилзилага чидамлилиги бўлиб, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар барча обектлар мазкур кўрсаткич бўйича экспертизадан ўтиши мажбурий.
“Экспертизадан ижобий хулосага эга бўлган обектларда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хабарномаси билан қурилиш ишларига киришилади. Ўша кундан бошлаб объектдаги зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги, энергия тежамкорлик каби Ўзбекистонда бажарилиши мажбурий бўлган талаб ва стандартлар Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси ҳамда лойиҳа муаллифи томонидан давомли равишда назорат қилиб борилади.
Объект барпо этилиб, ўрнатилган тартибда фойдаланишга топширилгандан кейин эксплуатация органи томонидан назорат ишлари амалга оширилади.
Туркиядаги зилзила оқибатлари, бинолар қулаши соҳа вакилларига катта сабоқ бўлади, албатта. Бу бизда бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда, деган саволни ҳам юзага чиқаради. Бугунги кунда мамлакатимизда бу борадаги мажбурий талаблар бино-иншоотлар кафолатини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Яъни, бунда давлат биноларни фойдаланишга топширилгунга қадар сейсмик жиҳатдан мажбуриятни ўз зиммасига олади. Лекин бинонинг эксплуатация жараёни ҳам бунда муҳим аҳамият касб этади”, дейди вазирнинг биринчи ўринбосари.