Ўзбекистонда аёллар футболини ривожлантириш стратегияси тақдим этилди
Спорт
−
21 Май
1810Кеча, 20 май куну Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан 2025–2029 йиллар учун мўлжалланган аёллар футболини ривожлантириш стратегиясининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда ЎФА раҳбарияти, мураббийлар, футболчилар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Тақдимот давомида аёллар футболи йўналишида амалга ошириладиган асосий стратегик мақсад ва йўналишлар, жумладан, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, футбол инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро мусобақалардаги иштирок, ҳамда оммавийликни ошириш бўйича режалар эълон қилинди.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ўз нутқида ушбу стратегиянинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
“Аёллар футболини ривожлантириш ЎФА фаолиятидаги энг муҳим йўналишлардан биридир. 2029 йилда мамлакатимиз мезбонлик қиладиган аёллар Осиё кубогига муносиб тайёргарлик кўриш ва ушбу давр мобайнида соҳани ҳар томонлама ислоҳ этиш мақсадида стратегик режа ишлаб чиқилди. Авваллари ассоциацияда Аёллар футболини ривожлантириш бўлими мавжуд бўлмаган, соҳада лидер аёлларни кўпайтириш мақсадида Юлия Панина, Мафтуна Зокирова сингари ўз олдига катта мақсадлар қўйган мутахассислар билан бирга ишладик. Улар ўтган вақт давомида аёллар футболи бўйича халқаро мусобақалар, ҳакамлик ва мураббийлик соҳаларида FIFA ва ОФК билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Қувонарли томони шундаки, сўнгги йилларда аёл комиссарларимиз сони ортмоқда. Халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ўз тажрибаларини бойитиб келмоқда. Аёллар футболи бўлими мутахассислари эса ҳар қандай турнирни юқори савияда ташкил этиш имкониятига эга”, дейди ЎФА биринчи вице-президенти.
Мазкур стратегия асосида келгуси беш йилликда аёллар футболининг турли босқичларда ривожланишини таъминлаш, хусусан, клублар футболи даражасини ошириш, спорт мактаблари, академиялар ва бошқа ташкилотлар орқали оммавий футболда қизлар ва аёлларнинг иштирокини кенгайтириш, халқаро тажрибаларни жорий этиш ҳамда спортчиларни йирик мусобақаларга пухта тайёрлаш кўзда тутилган.
LiveБарчаси