Ўзбекистонда автомобиллар нархи ошишига коронавирус сабабми? Сўз “UZAVTOSANOAT”га

Жамият 6722
image

Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус кўплаб мамлакатларнинг иқтисодига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатларнинг импорт ва экспорт салоҳияти соат сайин тушиб бормоқда. Туризм соҳасини-ку айтмаса ҳам бўлади. Хўш, Ўзбекистонда “UzAuto Motors” автомобилларининг нархи оширилишига коронавируснинг таъсири борми? Ёки ишлаб чиқаришга бу вирус қандай таъсир кўрсатади? Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев юқоридаги саволлар билан масъулларга юзланди: 

“Мен ўйлайманки, матбуотда жиддий чиқиш қилиш керак. Халққа тушунтириш керак. Иложи борича сайтларга қўйиш керак. Журналистлар объектив ёритади. Бир вақтлар бу завод очилганда, жуда фахрланганмиз. Халқимиз жуда хурсанд бўлганди ўша вақтда. Лекин бугун эътирозларга сабаб бўлмоқда. Нарх-наводаги ўзгаришлар, тушунтириш бермай нархни кўтаришлар бунга сабаб бўлмоқда. Миш-мишлар тарқалдики, завод тўхтаган экан. Кейинги масала Хитойдаги коронавирус ҳам таъсир қилдими? Қанча эҳтиёт қисмлари Хитойдан келади?”.

Ушбу саволга “UZAVTOSANOAT” АК Савдони ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсамуков жавоб берди. Унинг айтишича, коронавирус бошланганда, Хитойдан келитириладиган эҳтиёт қисмлар захираси тайёрланган.

  “Бизнинг автомобиль саноатидаги эҳтиёт қисмларининг 5 фоиз улуши Хитойдан келади. Коронавирус бошланганда кўпроқ эҳтиёт қисмларни олиб кириб қўйишга ҳаракат қилганмиз. Агар бу ҳолат янада чўзиладиган бўлса, бу бизга таъсир ўтказиши мумкин. Дунё бўйича 50 та мамлакатда автомобиль ишлаб чиқарилади. Биз ишлаб чиқариш бўйича 25-ўринда турамиз. Биз шу нарса билан мақтана оламизки, бизда шу соҳа бор. Бунга эришгунимизгача 27 йил вақт кетди. 1992 йилда бу қадам бошланди ва 1997 йилда ишлаб чиқариш бошланди. Агар шу ҳолатда 4 миллиард сўм импорт қиладиган бўлсак, агар бу соҳа бўлмаса импорт қанчага ошади? Автомобиль нимага керак? Иқтисодиётни ривожлантиришга керак. Таҳлил қилинганки, халқнинг даромади автомобиль саноати билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар мингта одамга нечта автомобиль тўғри келишига қараб баҳоланади. Бизда бу рақам 98та, АҚШда 940та. Бу халқнинг даромадлари билан чамбарчас боғлиқ. Мана Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун тайёргарлик кетмоқда. Бизда ҳам тайёргарлик кўрилмоқда”, дейди Шуҳрат Мирсамуков.

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 281
Рейтинг: 2.9
t
×