Ўзбекистонда АЭС қуриш учун майдон бир ой ичида аниқ бўлади
Жамият
−
16 Апрель 2019
5071Айни пайтда Россиянинг Сочи шаҳрида “Атомэкспо-2019” халқаро форуми ўтказилмоқда.
Хабарингиз бор, ўтган йил Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Россия етакчилари Ўзбекистонда биринчи АЭС қуриш лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишган эди.
Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари – “Ўзатом” агентлиги директори Жўрабек Мирзамаҳмудов сўзларига қараганда, атом дастурининг бошланиши бу тренд эмас, балки иқтисодий ечимдир. Ўзбекистон углеводородга бой, унинг гидроэнергетика салоҳияти улкан. Бироқ аҳоли, иқтисодиёт ўсиб боряпти, эҳтиёжлар ошмоқда, боз устига қазилма бойликлар чексиз эмас. Шунинг учун ҳам мазкур қарор қабул қилинган. У келажакка назар бўлиб, нафақат узоқ йиллар учун энергия таъминотини кафолатлайди, балки илм-фанни ривожлантиради, янги иш ўринларини яратади.
Маълумот учун, “Атомэкспо-2019” форуми Сочида ўн биринчи бор ўтказилиши. У давлат тузилмалари, йирик компаниялар раҳбарлари, жамоатчилик ташкилотлари ва экспертларни бирлаштирувчи дунёдаги йирик майдон ҳисобланади. Бу ерда 18 та мажлисда бир стол атрофида тинч атом асосидаги инновацион тараққиёт муҳокама қилинади. Зеро, тадбирнинг бош шиори ҳам “Атом технологиялари яхши ҳаёт учун” деб аталади. РФ раҳбари Владимир Путиннинг иштирокчилар ва меҳмонларга йўллаган табрик сўзида қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида форум ўз нуфузини мустаҳкамлади, йирик халқаро тармоқ тадбири ва талабгир муҳокама майдонига айланди. Чунки бу ерда атом энергетикаси ва саноатининг долзарб муаммолари кўриб чиқиляпти, истиқболли ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Форум анъанага мувофиқ “Росатом” давлат корпорацияси томонидан ўтказиб келинмоқда. Унинг директори Алексей Лихачевнинг сўзларига кўра, ташкил этилгандан буён ушбу майдон кенг муҳокама клубига айланди. Жорий йилда Сочида 3500 мингдан зиёд делегат ҳозир бўлди. Хусусан, унда қатнашадиган хорижликлар сони икки баробар кўпайди. Улар 74 мамлакатдан ташриф буюришган.
Бугунги кунда тинч атомдан кенг фойдаланилмоқда. Зотан, уни ўзлаштириш кўплаб давлатлар ва минтақалар равнақига туртки беряпти. МАГАТЭ бош директори ўринбосари Михаил Чудаковнинг айтишича, бугунги кунда дунёда атом энергетикасини ривожлантирмоқчи бўлаётган мамлакатлар сони 30 та бўлса, яна шунчаси мазкур тармоқни йўлга қўйгани ҳолда глобал энергия оқимининг 11 фоизини ишлаб чиқаряпти.
Уларнинг ичида Ўзбекистон ҳам “катта атом клуби” сафига киришга интилмоқда. Ўзбекистондаги АЭС ССЭР-1200 типидаги реакторли иккита энергия блокига эга бўлиши режалаштириляпти. “Росатом” давлат корпорацияси уни хавфсизликнинг энг охирги(Фукусимадан кейинги) стандарти бўлган “3+” асосида барпо этмоқчи. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бу ҳозирги мавжуд ечимларнинг энг илғоридир.
“Ўзбекистон ҳудудида АЭС қурилиши учун асосий майдон ой давомида аниқ бўлади. АЭС учун хавфсизликнинг барча томонларига жавоб берадиган ва тақиқловчи омиллар йўқ бўлган энг муносиб жойни танлаш бўйича майдон қидирув ишлари якунланди. Ҳисоботлар тайёр. Ҳозирда уларни “Росатом” давлат корпорацияси ва ихтисослаштирилган институтлардаги ҳамкорлар ўрганишмоқда. Уларнинг асосида станция техник лойиҳалари остида муҳандислик қидирувлари олиб бориладиган устувор(асосий) майдон танланади”, дейди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
“Ўзатом” раҳбарининг қайд этишича, мазкур маълумотларни ўрганиш асосида атроф-муҳитга таъсир баҳоси тайёрланади ва у экспертиза ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Маълумки, атом тебранишлари сониянинг миллиардли улушларида ҳисобланади. Шунга қарамай, лойиҳаларни рўёбга чиқаришда шошма-шошарликка йўл қўймаслик маъқул кўрилади. Бунда тармоқда технологик иншоотларнинг қийматига ҳам аҳамият берилади албатта. Бинобарин, лойиҳа ўтадиган босқичлар ойлар, ҳатто йилларга чўзилади. Айни чоғда Форумда Ўзбекистон ўз атом дастурини изчил амалга ошираётгани ҳақида фикрлар билдирилди. Хусусан, РФ Президенти Админстрацияси биринчи раҳбари, “Росатом” кузатув кенгаши раиси Сергей Кириенконинг айтишича, Ўзбекистон ҳеч муболағасиз охирги бир неча йилда делегацияларнинг илк мақсадларию ташрифлари амалий ишга айланиб кетган мамлакатлар қаторидан жой олди. Зеро, бундай шижоат давлат иқтисодиётини реал ўзгартириб, барқарор ривожланиш учун улкан салоҳият яратади, одамлар ҳаёт даражасини юксалтиради.
Тадбирда инсон капитали ривожи ҳақида ҳам гап борди. Аёнки, ушбу масалага юртимизда барча соҳаларда жиддий қаралади. Ўзбекистон делегацияси аъзолари айтиб ўтганларидек, атом энергетикасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинишининг эртаси куниёқ МИФИ — ядро университети филиалини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди. Ҳозирда Тошкент бўлими жорий йилдан бошлаб биринчи талабаларни қабул қилиши учун бор имкониятлар ишга солиняпти. 57 нафар ёшларимиз эса Москвада ўқишни бошлаб юборишган, улар Россиядаги соҳа корхоналарида амалиёт ўташади.
Эътироф этиш жоиз, Ўзбекистон учун жабҳада тадқиқотлар олиб бориш янгилик эмас. 1959 йилдаёқ тадқиқот реактори ишга туширилган, ядро физикаси, математик моделлаштириш бўйича изланишлар олиб борилган. Айнан “Ўзатом”даги тажриба ва янги билимлардан атом станциясини қуриш, ишга тушириш ҳамда эксплуатацияга топширишда фойдаланиш режалаштириляпти. Ушбу ишларга экспертлар ҳам жалб этилади. Улар ҳозирча тўрт нафар — Россия, Беларусь ва Чехиядан. Келгусида бошқа мамлакатлардан ҳам мутахассислар таклиф этилади.
LiveБарчаси