Ўзбекистонда 5 ойда 1,2 тонна наркотик мусодара қилинди
3-саҳифа
−
05 Июнь 1318 2 дақиқа
Ўзбекистонда тегишли органлар томонидан жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қарийб 1,2 тонна наркотик моддалар аниқланиб, 59 та йирик наркожиноий тўда қўлга олинди.
Жорий йилнинг январь–май ойларида ҳуқуқ-тартибот органларининг уюшган наркожиноятчилик ҳамда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши амалга оширган комплекс тезкор тадбирларида наркотик воситаларни тарқатиш билан шуғулланган 59 та йирик уюшган наркожиноий гуруҳ фош этилган. Уларнинг 15 нафар етакчиси ва 199 нафар аъзоси қўлга олинган. Шунингдек, 15 та яширин нарколаборатория аниқланган.
Бу кўрсаткич ўтган йил давомида аниқланган лабораториялар сонидан ҳам юқоридир. Бундан ташқари, тезкор тадбирлар давомида 1,2 тонна анъанавий наркотик моддалар, 54 килограмм синтетик наркотиклар, 4,6 миллион дона психотроп дори воситалари ҳамда 3 тоннадан ортиқ ноқонуний прекурсорлар мусодара қилинган.
Наркожиноятчиликка қарши кураш йўналишида Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг ваколатли органлари билан ҳамкорликда 7 маротаба халқаро тезкор тадбирлар ўтказилган. Таҳлилларга кўра, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмаси қисқариб, уларни реализация қилиш мураккаблашгани сабабли “қора бозор”даги нархлар ҳам сезиларли даражада ошганини кўрсатмоқда.
Уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида эса 40 та йирик жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилган. Уларнинг 48 нафар етакчиси, жумладан, 6 нафари хорижий давлатларда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, 224 нафар аъзо қўлга олинган.
Аниқланган маълумотларга кўра, мазкур жиноий гуруҳлар мамлакатнинг 50 та шаҳар ва туманида талончилик, безорилик ва товламачилик ҳаракатлари билан шуғулланиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда фуқароларга тан жароҳати етказиш каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида вертолёт ёрдамида ўтказилган тезкор тадбир давомида 18 минг тупдан ортиқ кўкнори ва каннабис ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиМетрода повербанк ёниб кетди
08 Июнь