Ўзбекистонда 5 мамлакат ишбилармонларининг бизнес форуми ўтказилади – Хидайходжаев

Жамият 1837

Айни вақтда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзоликка олиниши билан боғлиқ ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 5 октябрь куни эса пойтахт Тошкент шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо давлатлар бизнес форуми ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Жаҳонгир Хидайходжаев маълум қилди. 

Мазкур форумда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан йирик ишбилармонлар иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур бизнес форум Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Турк кенгаши ишбилармонлар гуруҳи билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилган. 

Шунингдек, жорий йилнинг 15 октябрь куни Озарбайжоннинг Баку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммити бўлиб ўтади. 

“Ўзбекистон Ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириш билан Туркий кенгаш доирасида режалаштирилган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлади”, дейди Жаҳонгир Хидайходжаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунни имзолади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 2.8
t
×