Тошкентда 5 кун ичида коронавирусни даволовчи шифохона фойдаланишга топширилади

Жамият 20956

Тошкентда коронавирус инфекциясига қарши курашишга қаратилган 3 та янги шифохона қурилади. Улардан биринчиси 5 кун ичида фойдаланишга топширилади. 

Шифохоналардан биринчи Тошкент шаҳри, Чилонзор туманининг Арнасой кўчасида барпо этилмоқда. Кўп тармоқли шифохона учун аҳоли турар жойларидан анча узоқликдаги ҳудуд танланган. Айни дамда қурилиш ишлари билан бир қаторда шифохонани энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бино атрофи ўраб олинади, у доимий равишда дезинфекция қилинади. 

Яна икки шифохона Тошкент вилоятининг Зангиота ва Юқоричирчиқ туманларида барпо этилмоқда. Юқоричирчиқ туманида иш қизғин. Қайд этилишича, айни вақтда коммуникация тармоқлари – газ, сув, электр энергиясини тортиб бориш ишлари олиб борилмоқда. Тез орада чартер рейс билан хориждан Ўзбекистонга олиб келинаётган ватандошлар айнан шу шифохонага жойлаштирилади.

Махсус шифохона Тошкент шаҳридан 25 км узоқликда бўлган ҳудудда, 53 гектар майдонга қуриляпти. Бу ерда карантин ҳудуди ва шифохона алоҳида бўлади. Матахассисларга кўра, бугуннинг ўзида каратинга олинувчи шахсларни қабул қилишга мўлжалланган 500 та контейнер олиб келинган. Уларнинг ҳар бирида 3 кишининг яшашига шароит яратилади. Карантин ҳудида ва шифохона ўртасидаги масофа 150 метрни ташкил этади. 

Карантин ҳудудидаги контейнерларга телевизор, иситиш ва совутиш мосламалари ўрнатилади. Карантинга олинганлар орасида 14 кун муддатда касаллик белгилари аниқланса, улар шу ердаги шифохонага олиб ўтилади.  

Зангиота туманида қурилаётган 2 та блокдан иборат бино лойиҳаси эса 3 кун ичида ишлаб чиқилган. Лойиҳада 100 ўринга мўлжалланган шифокорлар яшаш бўлимлари, ёрдамчи бинолар, жонлантириш бўлимлари, карантинда сақланадиган беморлар бўлими эътиборга олинган. Лойиҳа сметаси Соғлиқ сақлаш тизими мутахассислари таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Беморлар сони 60 нафарга етди. Айни вақтда мамлакатда қарийб 30 минг киши карантинга олинган

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 351
Рейтинг: 3
t
×