Ўзбекистонда 15 та олийгоҳ дунёнинг Топ-500 лигига киритилади
Local
−
10 July 4678 2 minutes
Ўзбекистонда 2030 йилгача 15 та олийгоҳ дунёнинг Топ-500 лигига киритилади. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етган. Жорий йилнинг ўзида 643 та техникумнинг 100 тасида Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда.
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университети нуфузли халқаро рейтингларда дунёнинг энг яхши мингта олий таълим муассасаси қаторидан ўрин олган. Олийгоҳлардаги 157 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилган.
Шу билан бирга, таълим сифатини янада ошириш, миллий олийгоҳларнинг халқаро рақобатбардошлигини кучайтириш ва битирувчиларнинг глобал меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун ишларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилган.
2030 йилга қадар камида 5 та олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш мақсад қилинган. Шунингдек, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш, камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Олий таълим муассасалари битирувчилари ва педагогларининг камида 30 фоизини хорижий тил, касб ва мутахассислик бўйича халқаро сертификатлар билан таъминлаш, техникумларнинг 2,5 минг нафар ҳамда олийгоҳларнинг 20 минг нафар педагогини хорижда малака оширишга юбориш вазифалари белгиланган.
Асосий мақсад Ўзбекистонни халқаро таълим дастурлари ва стандартлари кенг жорий этилган, минтақадаги етакчи таълим марказига айлантириш экани таъкидланган.
Президент таклифларни маъқуллаб, интеграциялашган таълим дастурларини босқичма-босқич кенгайтириш, уларнинг сифатини халқаро талабларга мувофиқ таъминлаш, нуфузли хорижий университетлар билан узоқ муддатли академик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.
Live
All