Ўзбекистонда 14 та “яшил” техникум очилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 2026-2027 йиллар давомида 14 та “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 25 март куни қабул қилинган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланган:

  • 2026-2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш;
  • 2030 йилгача республиканинг ҳар бир ҳудудидаги “яшил” техникумларда 10 000 нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълим ва илмни янада ривожлантириш;
  • 2026–2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган номзодлар сонини 150 нафаргача етказиш.

2026/2027 ўқув йилидан мазкур қарорда кўрсатилган таълим муассасалари “яшил” техникумлар сифатида қайта ташкил этилади ҳамда уларда ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитларидан келиб чиқиб, соҳалар учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

“Яшил” техникумларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида улар Касбий таълим агентлиги билан келишув асосида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига бириктирилади.

Шунингдек, “яшил” техникумларда Экостипендия таъсис этилади.

Қарорга кўра, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда “яшил” техникумлар таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб: 

  • “яшил” техникумларда таълим жараёни университет томонидан ишлаб чиқиладиган ва Касбий таълим агентлиги тасдиқлайдиган таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
  • “яшил” техникумларда мажбурий ва танлов фанлари университет томонидан белгиланади;
  • университетнинг 1-босқичида ўқитиладиган мутахассислик фанлари “яшил” техникумларнинг 2-босқич ўқув дастурларига махсус курс сифатида киритилади;
  • “яшил” техникумларни муваффақиятли битирган инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга Университет томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг 2-босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
  • “яшил” техникумларда Экостипендия таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 108 гектарлик Миллий дендрология боғи қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган. Парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

экология яшил техникум Эко-маданият

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг