Ўзбекистонда ҳосилдор ерлар маркировкаланади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ҳамда тартибини назарда тутувчи 33-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан Органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ҳамда тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, унда органик маҳсулотлар етиштиришда ва уларни йиғиб олишда ер майдонларига қўйиладиган талаблар ҳам белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрга қадар:

•    органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликлар ер майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантиради;
•    органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликлар ер майдонларининг охирги 3 йил учун статистик таҳлил натижалари ва топографик жойлашувини ўрганиш, тупроқ, сизот ва оқава сувлар сифати ҳамда хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича лаборатория таҳлилларини ўтказиш чораларини кўради.

Мунтазам равишда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи хўжаликлар ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликларга ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари анъанавий усулда етиштириладиган ер майдонларидан ажратиб турувчи белги ва кўрсаткичларни ўрнатиш вазифаси топширилди.

Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш билан шуғулланувчи хўжалик танланган ер майдонида фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни мувофиқликни баҳолаш органига тақдим этади.

Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга танланган ер майдони бўйича барча таҳлил натижалари ижобий бўлган тақдирда, хўжалик томонидан мазкур ер майдонининг кириш йўлагига қуйидаги маълумотларни ўзида акс эттирган белги ўрнатилади:

•    ер майдонига эгалик қилувчи хўжалик номи;
•    ферма жойлашган жой (почта манзили);
•    ферма раҳбарининг Ф.И.О;
•    умумий ер майдони харитаси;
•    етиштириладиган органик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти номи.


Мақола муаллифи

Теглар

ер

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг