Ўзбекистонда ҳеч нарса сирли эмас – Норбоева

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси кун тартибига Конституцияга қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида масала киритилмаган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида сўз очди. Норбоева айрим блогерларнинг фикрига жавоб қайтарди.

“Яна бир блогеримиз ёзганки, унда Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси бошланди. Бугун “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги сирли Қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган дейилган.

Нафақат бу блогер, балки бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам кун тартибига Конституцияга қўшимча ва ўзгартириш киритиш масаласи борлиги тўғрисида ўқидим. Бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Ялпи мажлис кун тартибида Конституцияга қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида масала киритилмаган. Конституция бизнинг бош қомусимиз. Унга қўшимча ва ўзгартириш киритиш халқимиз билан бемаслаҳат қилинмайди”, дейди Сенат раиси.

Танзила Норбоева сўзида давом этар экан,  Ўзбекистонда ҳеч бир нарса сирли эмаслигини, барча масалалар очиқ-ошкора кўриб чиқилишини таъкидлади.

“Яна “сирли” деган сўзга алоҳида урғу бермоқчиман. Ўзбекистонда ҳеч бир нарса сирли эмас. Ҳамма масала очиқ-ошкоралик билан қабул қилиняпти, кўриб чиқиляпти, халқ билан бамаслаҳат қилиняпти.

Мен нафақат қонунларни, балки қонуности ҳужжатларни ҳам назарда тутяпман. Ҳатто Президентимиз қабул қилаётган ҳар бир фармон, ҳар бир қарорга имзо чекишдан аввал халқ билан маслаҳатлашиб, айниқса ҳудудларда депутатлар, жамоатчилик кенгаши, олимлар, экспертлар фикри ўрганилиб, маҳалла раислари ёки жамоатчилик кенгашларининг селектор йиғилишларида фикр-мулоҳалари тинглаб, кейин имзо чекяптилар”, дейди Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 11 декабрь кунги йиғилишида ўнинчи ялпи мажлисни 18 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар орасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг кўриб чиқилиши ҳам белгиланган.Ушбу маълумот Сенат расмий сайтида ҳам келтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг