Ўзбекистон ЖЧдаги юришини бошламоқда

Спорт

image

Эртага, 18 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини ўтказади. Дебют баҳсда Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Колумбия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 07:00 да Мексикадаги “Ацтека” стадионида старт олади.

Нестор Лоренсо бошчилигидаги Колумбия терма жамоаси сўнгги йилларда барқарор натижалар қайд этган асосий таркиб ўзагини сақлаб қолган. Луис Диас, Хамес Родригес, Жефферсон Лерма ва Жон Кордоба жамоанинг асосий етакчилари ҳисобланади. Колумбия Жанубий Америкадаги энг мувозанатли таркиблардан бирига эга жамоалар қаторида кўрилади. Улар ҳам тўп назорати, ҳам тезкор қарши ҳужумларда самарали ўйин кўрсата олади. Жамоанинг асосий ҳужум схемалари Луис Диас орқали чап қанотдан ташкил этиладиган тезкор рейдлар ва Хамес Родригеснинг марказдаги ижодкор қарорларига таянади.

Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олган ҳолда турнирга ташриф буюрмоқда. Жамоа асосан Европада тўп сурадиган футболчиларга таянади. Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаев каби етакчилар жамоанинг асосий таянчи бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон терма жамоасида ўйин олдидан айрим йўқотишлар ҳам мавжуд. Хусусан, Жалолиддин Машарипов жароҳат сабабли турнирни ўтказиб юбориши маълум қилинган. Шунингдек, асосий таркиб футболчиларидан бири ҳисобланган Ҳожиакбар Алиқуловнинг ҳолати тўлиқ аниқ эмас. Унинг Колумбияга қарши ўйинни асосий таркибда бошлаши эҳтимоли паст экани айтилмоқда.

Ўзбекистон учун бу учрашув тарихий аҳамиятга эга бўлиб, жамоа ўзининг илк мундиал баҳсида кучли рақибга қарши синовдан ўтади. Колумбия эса тажриба ва индивидуал маҳорат жиҳатидан устун жамоа сифатида баҳога кирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жаҳон чемпионати Колумбия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг