Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди

Жамият 10160
image

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Бу ҳақда кеча, 15 март куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕОИК) раиси Михали Мясникович ва савдо бўйича ЕОИК Ҳайати аъзоси (вазири) Андрей Слепнев билан учрашувида сўз борган. 

Учрашув давомида ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомидаги Ўзбекистоннинг иттифоқ билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Учрашувда ЕОИИ халқаро нуфузининг ортиб бориши ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик географиясининг кенгайиб бориши қайд этилди. Иқтисодий шерикликни ривожлантиришда ижобий ўзгаришлар қайд этилган. Хусусан, ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 75 фоизга ошгани урғуланган. 

“Келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритганда, томонлар ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик, тенг ҳуқуқлилик ва миллий манфаатларни инобатга олиш тамойилларига, шунингдек, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро содиқлигини билдирдилар.

Томонлар инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш, тўсиқларсиз ўзаро савдо қилишга шароитлар яратиш ва минтақанинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма комплекс дастурларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканликларини билдирдилар”, деб ёзмоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати. 

Учрашувда логистика ва божхона жараёнларини соддалаштириш, мавжуд бўлган тўсиқларни олиб ташлаш, техник регламентлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш меъёрларини уйғунлаштириш, тариф ва нотариф тартибга солиш соҳасида мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, меҳнат миграциясини соддалаштириш ҳамда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича келгусида олиб бориладиган ишлар белгилангани айтилмоқда. 

Томонлар Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банки ва Евроосиё барқарорлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлигининг истиқболларини ҳам муҳокама қилган.

Учрашув якунида юзага келадиган барча масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида ЕОИК билан экспертлар даражасида доимий алоқалар механизмини жорий этиш бўйича келишувга эришилган. “Бу ҳам Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради”, дейилади хабарда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 244
Рейтинг: 3
Теглар
t
×