Ўзбекистон яна бир халқаро шартномага аъзо бўлди
Жамият
−
27 Апрель 2020
7952Ўзбекистон Республикаси Президенти “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор билан Ўзбекистон вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияга қўшилди.
Ўзбекистон Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияга (Истанбул, 1990 йил 26 июнь) қўшилиб, унинг қуйидаги иловаларини қабул қилмоқда:
А-илова. “Вақтинча олиб кириш ҳужжатлари тўғрисида (А.Т.А карнетлари ва C.P.D карнетлари)”;
В.1-илова “Кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар ёки шу каби тадбирларда намойиш қилиш ёхуд фойдаланиш учун товарлар тўғрисида”;
В.2-илова “Профессионал асбоб-ускуна тўғрисида”;
В.3-илова “Тижорат операцияси муносабати билан олиб кирилган контейнерлар, поддонлар, ўрамлар, намуналар ва бошқа товарлар тўғрисида”;
В.5-илова “Таълим, илмий ёки маданий мақсадларда олиб кирилган товарлар тўғрисида”;
В.6-илова “Саёҳатчиларнинг шахсий буюмлари ва спорт мақсадларида олиб кирилган юкларга тегишли илова”.
Шуни қайд этиб ўтамизки, конвенция олиб кириш божлари ва йиғимларини тўлашдан шартли равишда озод қилган ҳамда иқтисодий тусдаги импортга нисбатан тақиқ ёки чекловларни қўлламаган ҳолда айрим товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб киришни тартибга солади.
Ўзбекистон томонидан масъул бўлган ваколатли орган – Давлат божхона қўмитаси. Идора 2 ой муддатда конвенцияни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаши шарт. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатларни беради ва вақтинча олиб кириш шартлари бузилган тақдирда божхона тўловлари тўланишини кафолатлайди.