Ўзбекистон яна бир давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатди

Жамият 8867
image

Жорий йилнинг 3 февраль куни Сан-Маринонинг Италия пойтахти Рим шаҳридаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси ва Сан-Марино Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протоколни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, ҳужжатни Ўзбекистон Республикасининг Италия Республикасидаги Элчиси Отабек Акбаров ва Сан-Марино Республикасининг Италия Республикасидаги Элчиси Даниела Ротондаро имзолаган.

Протокол шартларига кўра мазкур ҳужжат Сан-Марино томонидан тегишли ички жараёнлар якунланганидан кейин кучга киради.

Ҳужжатда Ўзбекистон ва Сан-Марино БМТ Устави ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига амал қилган ҳолда, икки мамлакат ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантириш ҳамда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш истагида дипломатик муносабатларни ўрнатишга қарор қилгани қайд этилган.

Маросим якунида Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида томонларни қизиқтирган соҳалардаги, жумладан минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари батафсил муҳокама қилинган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 241
Рейтинг: 3
t
×