Ўзбекистон яхши пул тўласа, Қозоғистон нефть экспортини оширмоқчи
Олам
−
11 Октябрь 2023
5562Қозоғистон расмийлари Тошкентдан яхши нарх таклифи бўлса, Ўзбекистонга нефть етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон Республикасига нефть етказиб бериш Шағир нефть қуйиш станцияси (Чимкент) ва Қосимов нефть насос станциясидан (Атирау) амалга оширилмоқда. Агар Ўзбекистон томони Хитой ёки бошқа хорижий давлатларга қараганда яхшироқ нарх ва шартларни таклиф қилса, биз етказиб бериш ҳажмини оширишни кўриб чиқишга тайёрмиз”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу масала аллақачон Ўзбекистон вакиллари ва Қозоғистон ер қаъридан фойдаланувчилари билан муҳокама қилинган.Департамент маълумотларига кўра, 2022 йил якунига кўра, Қозоғистон нефтининг Ўзбекистонга экспорти умумий ҳажмнинг 0,13 фоизини ташкил қилган.
“Қозоғистон ҳудуди орқали 300 минг тонна Россия нефтини транзит қилиш бўйича келишувга мувофиқ, йил бошидан буён 79 минг тонна етказиб берилди. Шу билан бирга, 2022 йилда Қозоғистон нефтининг Ўзбекистонга экспорти ҳажми 87 минг тоннага, жорий йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича эса 46 минг тоннага етди”, дея тушунтирди вазирлик.
Маълумот учун, ҳозирда Россия Қозоғистондан нефтни Каспий қувурлари консорсиуми инфратузилмаси орқали транзит қилмоқда. 2022 йил июль ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев нефтни Россияни четлаб ўтиб, шу жумладан денгиз орқали етказиб беришнинг янги йўлларини ўрнатишни буюрган эди. Тўқаев Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа давлатлари орқали Россия ҳудудига кирмасдан ўтадиган Транскаспий йўналишини устувор йўналиш деб атади.
LiveБарчаси