Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 6 йилда 200 млрд долларга чиқиши мумкин
Жамият
−
18 Октябрь
4301Ўзбекистонда 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажми 160 млрд доллардан 200 млрд долларгача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов макроиқтисодий кўрсаткичлар масаласида Президент ҳузурида ўтган йиғилишдан сўнг маълум қилди.
Норқуловга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда 2030 йилга бориб ЯИМни 160 эмас, бемалол 200 млрд долларгача олиб чиқишни, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни 4000 доллар эмас, 5000 доллардан ҳам кўпроқ миқдорга олиб чиқиш имконияти борлигини кўрсатиб берган.
Бундан ташқари, йиғилишда инфляция бўйича прогнозлар ҳам қайта кўриб чиқилган.
Унга кўра, Президент томонидан 2025 йилдаги давлат бюджетини шакллантириш ва унинг ижросини таъминлашда тежамкорлик ва барқарорликка риоя этиш, энг асосийси, давлат бюджети тақчиллигини 3 фоизгача тушириш, инфляция даражасини 7 фоиздан оширмаслик вазифаси қўйилган.
“Инфляция 2026 йилда 5-6 фоиз даражасида сақланиши ва 2027 йилдан бошлаб 5 фоиз ва ундан паст бўлиши кутиляпти”, дейди вазир ўринбосари.
Вазир ўринбосарининг билдиришича, Ўзбекистоннинг суверен рейтингини инвестицион даражага олиб чиқиш бўйича ҳам топшириқ берилган. Унга кўра, 2024 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажми 111 млрд долларга етиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг номинал ялпи ички маҳсулот ҳажми 125,6 триллион сўмга (10,7 миллиард долларга) ошиб, 1 192,2 триллион сўм (101,6 миллиард доллар)ни ташкил этгани хабар қилинган эди.