Ўзбекистон ЯИМ ҳажми илк бор 100 миллиард доллардан ошди
Жамият
−
01 Август
66362023 йилда Ўзбекистон Республикасининг номинал ялпи ички маҳсулот ҳажми 125,6 триллион сўмга (10,7 миллиард долларга) ошиб, 1 192,2 триллион сўм (101,6 миллиард доллар)ни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Хабарда келтирилишича, кеча, 2024 йил 31 июль куни Тошкентда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар иштирокида учрашув ташкил этилган. Ундаги муҳокамалар давомида Ўзбекистоннинг номинал ЯИМ ҳажми илк бор 100 миллиард доллардан ошгани қайд этилган.
2024 йилнинг январь ойида Ўзбекистоннинг 2023 йилги номинал ЯИМ ҳажми 90,9 млрд долларни ташкил этгани хабар қилинган эди. Статистика агентлиги Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармаси бошлиғи Аброрали Мамаджановнинг айтишича, қайта ўтказилган ҳисоб-китоб ва тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистон номинал ЯИМ ҳажми 1 192,2 триллион сўм (101,6 миллиард доллар)га етгани маълум бўлган.
“Йиғилган маълумотлар асосида норасмий ва яширин иқтисодиётнинг ҳажми ҳамда унинг ЯИМга таъсири соҳалар ва ҳудудлар бўйича 2017-2023 йиллар учун баҳоланди. Бу эса мамлакатда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг кўлами ва унинг умумий иқтисодий фаолиятга таъсирини аниқлаш имконини берди. Олиб борилган танланма статистик кузатувлар ва ҳисоб-китоблар натижасида ЯИМ ва аҳоли жон бошига ЯИМ каби макроиқтисодий кўрсаткичларнинг қамрови яхшиланди, шунингдек, уларнинг халқаро методологияларга мувофиқлиги таъминланди”, дейилади хабарда.