Ўзбекистон ва Россия мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга келишиб олди
Олам
−
30 Апрель
7003Аввалроқ, Ўзбекистон вазирлик ва идораларидан таркиб топган делегация мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича йиғилишда қатнашиш учун Россияга йўл олгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 29 апрель куни Ўзбекистон ва Россия мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов Москва шаҳрида бўлиб ўтган меҳнат миграцияси ва мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида иштирок этган. Россия делегациясидан эса Россия Бош прокурорининг ўринбосари Пётр Городов раҳбарлигида Бош прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа идораларнинг вакиллари қатнашган.
“Томонлар миграция соҳасидаги амалдаги ҳолат, муаммоли жиҳатлар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди. Йиғилиш иштирокчилари икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда миграция соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олди. Икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келиши ҳамда Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари жараёнида уларнинг ҳуқуқларга риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олди”, дейилган хабарда.
Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи мажлисида қабул қилинган қарорлар акс этган баённомани имзолаган. Хабарда имзоланган баённома ижроси Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари томонидан алоҳида назоратга олиниши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга хориждаги ўзбекистонликлар бўйича парламент сўрови юборилгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур сўров ортидан вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов муносабат эълон қилган эди. Бурҳоновга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо ҳимоя қилиб келган ва бу фаолияти устувор бўлиб қолади.
LiveБарчаси