Ўзбекистон ва Озарбайжон делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Жамият

image

“Зуғулба” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг тор доирадаги учрашуви икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Шавкат Мирзиёев дини бир, қадриятлари, анъаналари, тили ва маданияти ўхшаш бўлган халқларимиз ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда энг юксак даражага кўтарилганини айтиб ўтган. Шунингдек, давлат раҳбари Озарбайжон халқини атоқли давлат арбоби, умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик юбилей билан табриклаган. 

Музокаралар давомида савдо ва саноат кооперациясида жадал ўсиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилган. Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан тўлдириш орқали товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.

Саноат кооперацияси хусусида сўз борар экан, Президентлар энергетика, металлургия, фойдали қазилмалар, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини юқори баҳолаган.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасининг маблағларини фаол ўзлаштириш муҳимлиги таъкидланган. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, уларнинг саноат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун ҳудудий маъмуриятлар раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқотини ва мунтазам учрашувларини йўлга қўйиш ғояси қўллаб-қувватланган.

Шу билан бирга, транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик жиҳатдан муҳим. Келтирилишича, ўтган йилда Ўзбекистон юкларини Баку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробарга ошган. Ўзбекистон бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтириш ниятида экани маълум қилинган.

Шу маънода, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Баку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини қуриш чоралари муҳокама қилинган.

Музокаралар сўнггида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди, шу жумладан Маданият ва кино кунлари, ижодий ва илмий зиёлилар, ёшлар ташкилотларининг учрашувларини ўтказишга келишиб олинган.

Йиғилиш давомида ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт ва энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданият вазирларининг кун тартиби бўйича ҳисоботлари тингланган.

Якунда давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг