Ўзбекистон ва Қозоғистон Жиззахда ҳарбий машғулот ўтказди
Жамият
−
12 Октябрь
3008Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли кучлари Жиззах вилоятидаги полигонда “Ҳамкорлик-2024” ҳарбий машғулотини ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, машғулотнинг фаол босқичи Жиззах вилоятидаги “Фориш” полигонида бўлиб ўтган ва унда Қозоғистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-лейтенант Султан Камалетдинов ҳамда Ўзбекистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов иштирок этган.
Билдирилишича, машғулотнинг биринчи босқичида кичик қуролланган гуруҳ тоғ йўллари орқали ноқонуний равишда давлат чегарасини кесиб ўтган ва маҳаллий аҳоли уйларида жойлашган. Террорчиларнинг ҳаракатлари диққатни чалғитишга ва бошқа йўналишларда муваффақият қозониш учун шароит яратишга қаратилган.
Иккинчи босқич сценарийси бўйича шартли душман Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат чегаралари яқинида йирик бўлинмаларни тўплаб, уларни ҳужумга тайёрлаган. Икки мамлакат ҳарбий бўлинмалари бундай таҳдидга жавоб бериш алгоритмларини, шу жумладан, диверсиявий ҳаракатларнинг олдини олиш ва муҳим стратегик объектларга кенг кўламли ҳужумларнинг олдини олиш бўйича машқ қилган.
“Ўқув машғулотлари давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари жанговар вазиятда бўлинмаларни ҳамкорликда бошқариш, давлат чегарасининг дахлсизлигини таъминлаш ва шартли душманни йўқ қилиш каби турли жанговар ҳаракатларни олиб боришди. Бу эса яна бир бор ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларининг уюшқоқлиги ва ҳамкорлигини амалда исботлади”, дейилади хабарда.
Машғулот якунида Қозоғистон ва Ўзбекистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиқлари қўшма машғулотни ўтказишга қўшган ҳиссаси ва юқори профессионаллиги учун ажралиб турган ҳарбий хизматчиларни мукофотлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий хизматчилари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа мутахассислари иштирокида “Ашиқ Аспан-2024” халқаро тезкор-тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилган эди.