Ўзбекистон ва Қозоғистон вазирлари Хивада учрашди (видео)
Жамият
−
21 Март
2960Кеча, 20 март куни Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Хива шаҳрига амалий ташриф билан келди, унинг доирасида икки давлат манфаатдор давлат органлари иштирокида Қозоғистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир давомида кўп қиррали Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг кенг кўламли масалалари, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транзит-транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.
“Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва донолиги туфайли муносабатларимиз икки томонлама ҳамкорликнинг бутун спектри бўйича мисли кўрилмаган юксак босқичга кўтарилди”, деди Нуртлеу.
Шунингдек, у олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигини қайд этди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов икки давлат Президентлари ҳамкорликни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда изчил кенгайтириш бўйича узоқ муддатли йўналиш белгилаб берганини тасдиқлади.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва қурилиш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишилган чора-тадбирларни кўришга келишиб олди.
Маълумки, бугунги кунда Қозоғистон йиллик товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари учлиги қаторидан жой олди. Давлат раҳбарларининг топшириқларини амалга ошириш мақсадида 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича аввал имзоланган Дастурни амалга ошириш ва “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро марказини имкон қадар тезроқ ишга тушириш муҳимлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Термиз шаҳридаги Айритом ЭИЗ ҳудудида Қозоғистон савдо павилонининг очилишини олқишлаб, Афғонистон билан савдо алоқаларини кенгайтириш истиқболларини қайд этган.
Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Томонлар икки давлат ва бутун минтақанинг транзит-транспорт салоҳиятини ошириш борасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Билдирилишича, ҳар икки давлатга Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига чиқиш имконини берувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юк ташиш ҳажмини ошириш ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлиги тасдиқланди.
Бундан ташқари, томонлар ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув-энергетика соҳасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш режалари муҳокама қилинди. Бу борадаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси Қамбаратин ГЭС-1 қурилиши бўйича уч томонлама лойиҳани илгари суришдир.
Вазирлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг юқори динамикасини сақлаб қолиш муҳимлигини ҳам қайд этди. Ўтган йили Остона шаҳрида ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкали очилгани, Тошкент кунларининг катта муваффақият билан ўтказилгани ҳар икки давлат жамоатчилигида ижобий баҳоланган эди. Бир неча кун аввал Олмаотада “Лазги. Кўнгил ва муҳаббат рақси” спектакли ва атоқли рассом Ўрол Тансиқбоевнинг кўргазмаси намойиш этилди.
Томонлар M.Аузов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг Чирчиқ шаҳридаги филиаллари ҳамда Олмаотадаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг муваффақиятли фаолиятини қайд этиб, олий таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашишга келишиб олди. Туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, икки давлат маданий меросини оммалаштиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишида савдо-саноат кооперацияси, транспорт-логистика, сув хўжалиги муносабатлари ва маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан икки мамлакат давлат органларининг маърузалари тингланди.
Вазирлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича "соатларни синхронлаштирдилар". Улар кўп томонлама тузилмалар доирасида янада яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва бундан буён ҳам икки давлат ташаббусларини илгари суришда ўзаро ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик, стратегик шериклик ва кўп асрлик дўстлик ришталарини юксак қадрлаймиз. Бугун биз икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг биринчи йиғилиши баённомасини имзоладик. Бу сиёсий мулоқотимизни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Қардош давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган конструктив ва самарали муҳокамалар ўтказдик”, деб ёзди Бахтиёр Саидов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Марказий Осиёда барқарорлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, СА+ форматлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидладилар.
Музокаралар якунлари бўйича Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар кенгашларининг биринчи мажлиси баённомаси имзоланди.
Ташриф давомида вазирлар UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ичанқалъа шаҳрининг тарихий маркази – Хива шаҳрининг маданий обидалари ҳамда Хоразм миллий уй-жой қурилишининг анъанавий хусусиятларини ўзида мужассам этган Нуруллабой саройида ҳам бўлди.
“Очиқ осмон остидаги ушбу муҳташам музейнинг қадимий кўчалари бўйлаб юрар эканмиз, халқларимизни бирлаштириб келаётган аждодларимизнинг бой маданий-тарихий меросига гувоҳ бўламиз. Хива ўзининг бетакрор меъморчилиги, жўшқин руҳи билан халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик муштарак тарих ва дўстлик рамзидир.
Бизнинг қўшма экскурциямиз нафақат дипломатия, балки ўзаро ҳамжиҳатлик ва умумий меросимизга ҳурматни мустаҳкамлаш йўлида ҳам чуқурлашиб бораётган ҳамкорликни акс эттиради”, деб ёзди Бахтиёр Саидов.