Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ҳам Тансиқбоев кўргазмасига борди
Жамият
−
29 Март
2067Бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Олмаота шаҳрига ташрифнинг маданий дастури доирасида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан биргаликда Абилхон Кастеев номидаги Миллий санъат музейига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари халқ рассомлари – қозоқ тасвирий санъати асосчиси Абилхон Кастеев ва ўзбек рангтасвир устаси Ўрол Тансиқбоев асарларини томоша қилган.
“Кўргазма Ўзбекистон ва Қозоғистон бой бадиий меросининг ёрқин ифодаси, икки қардош халқ ўртасидаги мустаҳкам маданий алоқаларнинг рамзи бўлди”, дейилади хабарда.
Шу билан биргаликда, давлат раҳбарлари санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан қўшма тадбирлар ўтказиш, маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлашган.
Маълумот учун, Ўрол Тансиқбоев машҳур совет, ўзбек ва қозоқ рассоми ҳисобланади. У Ўзбекистон тасвирий санъатининг асосчиларидан бири бўлиб, СССР халқ рассоми (1963) унвонига сазовор бўлган.
Ижоди ва фаолияти давомида у 1923–1927 йилларда Тошкент санъат музейи қошидаги студияда Николай Розановдан таълим олган. 1928–1929 йилларда Пенза санъат билим юртида Иван Горюшкин-Сорокопудовдан таҳсил олган. 1929 йилдан бошлаб турли кўргазмаларда иштирок эта бошлаган. Унинг асарлари Ўзбекистон, Марказий Осиё ва Қозоғистон табиати ва одамларига бағишланган.
У 1938 йилда биринчи қозоқ балети “Қалқаман ва Мамир” (Қозоғистон Давлат опера ва балет театри, Олмаота) саҳна безакларини яратган. 1952–1954 йилларда Москвадаги ВДНХ кўргазмасида Ўзбекистон павильонининг деворий паноларини чизган. Манзара ва монументал тасвирий санъат жанрида машҳур картиналар муаллифи.
Тансиқбоев ўзбек санъатининг ривожига катта ҳисса қўшган ва унинг ижоди бугунги кунда ҳам қадрланади.
Эслатиб ўтамиз, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам Ўрол Тансиқбоевнинг мазкур ретроспектив кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этганди.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель