Ўзбекистон ва Қозоғистон 7 млрд долларлик келишувга эришди
Жамият
−
08 Август
4052Ўзбекистон ва Қозоғистон 7 миллиард долларлик сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда икки давлат Бош вазирлари ўринбосарлари Серик Жумангарин ва Жамшид Хўжаев умумий қиймати 4,4 миллиард доллар бўлган 34 та инвестиция лойиҳаси ва 2,6 миллиард долларлик 7 та савдо шартномасини амалга ошириш бўйича келишувга эришган.
Келишувда саноатнинг турли тармоқлари, жумладан, энергетика, кон-геология, транспорт, кимё саноати, қурилиш, электротехника, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳаларнинг энг катта қисми қишлоқ хўжалигига тўғри келиб, томонлар Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биргаликда етиштириш, ғалла ва шолини чуқур қайта ишлаш, Туркистон вилоятида ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қадоқлаш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш ва бошқа масалалар бўйича келишган. Шунингдек, Мангистау вилоятида қорамол терисини қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этишга қарор қилинган.
“Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши икки давлатнинг сармоявий ва савдо салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради, бу эса Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан қўйилган мақсадга эришиш – ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга етиб борганди. Бугун, 8 август куни икки мамлакат етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтиши режалаштирилган.
LiveБарчаси