Ўзбекистон ва ФАО 17 млн долларлик дастурни имзолади

Жамият

image

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа бўйича минтақавий конференцияси (ЕМК) раиси сифатида ФАО раҳбарининг ўринбосари Владимир Рахманин ва Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуцу билан учрашди. 

Учрашувда ФАО ва Ўзбекистон ўртасида 17 млн АҚШ доллари миқдоридаги бюджетли 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳадли дастури имзоланди. Шунингдек, жами 645 минг АҚШ долларилик 4 та грант лойиҳаси тасдиқланди.

Таъкидланишича, имзоланган Мамлакат ҳадли дастури (МҲД) озиқ-овқат тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ миллий стратегик устуворликларга эришишда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак кўрсатишга йўналтирилган.

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган қуйидаги 4 та грант лойиҳалар 2021-2023 йиллар мобайнида амалга оширилади:

“Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар ёрдамида мустаҳкамлаш” лойиҳаси (2021 йил февраль - 2022 йил декабрь, бюджет - 250 000 АҚШ доллари) географик кўрсаткичлар орқали мамлакатимизнинг қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга имкон туғдиради (маҳсулот номларини жой номлари билан боғлаш назарда тутилмоқда.

"Ўзбекистонда COVID-19 га қарши картошка соҳасини тиклаш ва ривожлантириш" лойиҳаси (2021 йил февраль - 2023 йил январь, бюджет – 195 000 АҚШ доллари) картошка ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг миллий озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга қаратилган.

"Шоли экинларини ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш" лойиҳасининг (2021 йил февраль - 2022 йил сентябрь, бюджет – 100 000 АҚШ доллари)асосий мақсади озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш ва мамлакатда шоличилик билан шуғулланаётган фермерларнинг яшаш шароитларини яхшилашдан иборат.

“Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш" лойиҳасидан (2021 йил февраль - 2022 йил август, бюджет - 100000 АҚШ доллари) кўзланган мақсад  қишлоқ хўжалиги соҳасида инклюзив сиёсат юритиш натижасида қишлоқ жойларда яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш ҳамда қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришдир.

Маълумот учун, ФАО - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти бўлиб, Ўзбекистон 2001 йилда мазкур ташкилотга аъзо бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

қишлоқ хўжалиги

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг