Ўзбекистон ва АҚШ қўшма инвестиция платформасини ишга туширади

Жамият

image

Жорий йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қўшма инвестиция платформаси ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Тelegram-каналида маълум қилди.

Айни кунларда АҚШда бўлиб турган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кеча, 7 апрель куни Вашингтонда АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блек билан учрашув ўтказди. 

Ушбу учрашувда йирик лойиҳалар портфели асосий муҳокама мавзуси бўлган. Хусусан, DFC Ўзбекистонга америкалик сармоядорларни жалб этишга кўмаклашиши ҳамда инвестициявий хатарларнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши кешилган. 

Маълумот ўрнида, DFC (Development Finance Institution) АҚШ ҳукуматига қарашли молиявий институт бўлиб, ривожланаётган давлатларда инвестиция ва иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. DFC Ўзбекистондаги турли лойиҳаларни, хусусан, қайта тикланувчи энергия (қуёш ва шамол станциялари) ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ажратиб келади.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 6 апрель куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман ўз фаолиятини бошлади. Бундан кўзланган мақсад – қўшма бизнес ташаббуслари учун мустаҳкам институционал асос яратиш. Унда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов иштирок этганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан бизнес-нонушта форматида учрашганди. Суҳбат давомида Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилиши муҳокама қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон Саида Мирзиёева DFC қўшма инвестиция платформаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг