Саида Мирзиёева АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан нонушта қилди
Жамият
−
09:09 1929 2 дақиқа
Кеча, 7 апрель куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан бизнес-нонушта форматида учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Томонлар суҳбат давомида Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишини муҳокама қилган.
“Суҳбат чоғида Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилиши натижаларини муҳокама қилдик, шунингдек, иқтисодий лойиҳалар портфели изчил кенгайиб бораётганини қайд этдик”, дея ёзган Администрация раҳбари.
Шунингдек, Мирзиёева стратегик шерикликни янада ривожлантиришга қўшаётган катта ҳиссаси учун Давлат котибига миннатдорлик билдирган.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 6 апрель куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман ўз фаолиятини бошлади. Кенгаш фаолиятининг мақсади қўшма бизнес ташаббуслари учун мустаҳкам институционал асос яратишга қаратилган. Унда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов иштирок этган.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 6-7 ноябрь кунлари АҚШга борган эди. Ўзбекистон етакчиси Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг С5+1 форматидаги саммитида иштирок этди. Шундан сўнг Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Кенгаш фаолиятини Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошқариб боради. Президент Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди.
Live
Барчаси