Ўзбекистон U-17 Осиё кубоги ярим финалида Жанубий Кореяга қарши ўйнайди

Спорт

image

Эртага, 29 июнь куни Ўзбекистон терма жамоаси Таиландда бўлиб ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ярим финалида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади.

Мазкур учрашув Бангкок шаҳрининг “Patum Tani” стадионида Тошкент вақти билан соат 19:00 да старт олади.

Ушбу баҳсда ўзбекистонлик футболчилар оқ-кўк, дарвозабон эса тўлиқ қора гангли либосда ҳаракатланади. 

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаевга кўра, футболчилар ўйинга руҳан ва жисмонан тайёр ҳамда ғалабага иштиёқманд бўлиб турибди.

“Биз катта мақсад ва иштиёқ билан мусобақага келганмиз. Минимал мақсад – Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга эришдик. Энди эса турнирда зафар қучишни уддалашимиз зарур. Олдимиздаги икки муҳим  ўйинни ижобий натижа билан ҳал қилиш учун бор кучимизни берамиз. Албатта, рақибни ўрганиб чиқдик. Барча жамоаларда бўлгани сингари уларнинг ҳам кучли ва кучсиз томонлари бор. Эртага режаларимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз”, дейди жамоа бош мураббийи.

Шунингдек, мураббий навбатдаги рақиб жамоага бегона эмаслиги, охирги баҳсда улар устидан ғалаба қозонилганига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Саралаш баҳсларида 3:2 ҳисобида Кореяни ютганмиз. Энди ўша ғалаба тасодиф эмаслигини исботлаш қолди. Ўйлайманки, ярим финалда ўзимиз учун керакли бўлган натижани қўлга киритамиз”, дейди Жамолиддин Раҳматуллаев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё кубогининг 1/4 финалида Саудия Арабистонига қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида ғалабага эришганди. Бу орқали улар Индонезияда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон U-17 Жанубий Кореяга

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг