Ўзбекистон Туркияга гуманитар ёрдам юборди
Жамият
−
03 Май 2021
4706Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, кеча, 2 май куни Туркия Республикасига коронавирус инфекцияси тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилди.
ЎзАнинг хабар беришича, Туркияга инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисида қабул қилинган Ҳукумат фармойишига асосан “Uzbekistan Airways” томонидан ажратилган юк самолётида Истанбул шаҳрига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бир марталик респиратор Ecos N 95 тиббий ниқобидан бир миллион дона етказиб берилган.
“Мамлакатларимиз коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Президентимиз ташаббуси билан муборак Рамазон ойида Туркияга шундай оғир кунларда кўрсатилган ёрдам Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги қардошлик муносабатлари юқори даражада эканидан далолатдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Муборак Рамазон ойи муносабати билан Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТİКА) Ўзбекистондаги 4 мингдан ортиқ муҳтож оилага озиқ-овқат тарқатганди.
LiveБарчаси