Ўзбекистон Трамп маъмурияти билан яқинлашмоқчи
Жамият
−
09 Январь
4335Ўзбекистон АҚШнинг янги маъмурияти вакиллари билан шерикликни кучайтирмоқчи. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида сўз боради.
Дастурга кўра, Ташқи ишлар вазирлигига йил сўнгига қадар АҚШ янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва олий даражадаги ташрифларни ташкил этиш вазифаси юклатилмоқда.
Шунингдек, С5+1 (Марказий Осиё ва АҚШ) форматидаги ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, вазирлар учрашуви, тегишли “ишчи гуруҳлар” йиғилишларини ташкил этиш, қолаверса, ушбу форматнинг 10 йиллиги муносабати билан Самарқандда ўтказиладиган юбилей саммитига тайёргарлик кўриш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада, шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, хусусан, Конгресс етакчи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган.
Америка мамлакатларидан салоҳиятли инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, улар иштирокида турли бизнес-форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада кучайтириш, АҚШ билан хавфсизлик ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.