Ўзбекистон “Толибон”нинг “капризи”га чидашга мажбурми?
Таҳлил
−
19 Октябрь
12495Жорий йилнинг 14 октябрь куни “Толибон” вакиллари Ўзбекистондан Термиздаги умумий бозорда концерт ва мусиқий дастурларни бекор қилишни сўрагани, акс ҳолда Афғонистон фуқароларига ушбу умумий бозорга киришга рухсат этилмаслиги ҳақида хабар тарқалди. Аммо кўп ўтмай Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабарларни рад этиб чиқди.
Вазирликка кўра, Афғонистон томонидан бундай характердаги ҳеч қандай мурожаатлар Ўзбекистон томонига келиб тушмаган.
Бироқ BBC’нинг ўзбек хизмати “Толибон” вакилларининг аниқ шундай сўров юборгани ҳақида ишончли манбаларига таяниб ахборот беришда давом этди.
Хуллас, бу мавзу ноаниқлигича қолди. “Толибон” Термизда мусиқани чекламоқчими, Ўзбекистон бунга розими, йўқми аниқ эмас. Худди Ўзбекистон ва “Толибон” ҳукумати ўртасидаги бошқа бир ноаниқликлар каби. “Толибон”нинг Тошкентдаги элчилари ноаниқ сабабларга кўра кетма-кет алмашгани каби.
Бугун эса QALAMPIR.UZ ушбу ноаниқликлар ҳақида аниқ фикрлар эшитмоқчи. Ўзбекистоннинг “Толибон” билан сўнгги пайтлардаги сиёсати ҳақида афғоншунос Ҳамза Болтаев билан суҳбатлашамиз.
1.Ўзи умуман Термиз бозорининг аҳамияти қандай?
“Аввало, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларга тўхталишдан олдин, шуни таъкидлаш жоизки, “Толибон” 2021 йилнинг августида ҳокимият тепасига келган бўлса, Ўзбекистон Афғонистон билан сиёсатда ҳам, ҳамкорликда ҳам прагматизм йўлини танлаган. Нафақат биз, балки бутун дунё “Толибон” ҳукуматини тан олмаган. Шундай бўлишига қарамасдан, биз қўшни давлатмиз, манфаатларимиз туташадиган нуқталари кўп бўлганлиги сабабли “Толибон” ва Ўзбекистон расмий вакиллари орасида расмий ва прагматик муносабатларнинг ҳар қандай сиёсийлашган бўлишидан ташқари бўлиб туриши мақсадга мувофиқ. Масалан, иқтисодий муносабатлар, гуманитар ва маданий муносабатлар шаклланиши жуда катта аҳамиятга эга. Шу муносабатларнинг шаклланиши учун илк қадам бу ҳозирги кунда тўлиқ ишга туширилган Термиз шаҳридаги савдо комплекси ҳисобланади ва унда афғон фуқаролари яқинда чекланган муддатда шу савдо комплексида визасиз тадбиркорлик фаолиятларини амалга оширишлари мумкин. Бу жуда яхши чора-тадбирлар деб ўйлайман ва буни қўллаб-қувватлайман. Чунки бу савдо комплекси икки халқ ўртасида илиқ муносабатлар кучайишига ва сиёсатчилар ўртасидаги сиёсий муносабатларни бора-бора яхшилашга олиб келади”, дейди афғоншунос Ҳамза Болтаев.
2. Яқинда афғон нашрлари “Толибон” Термиздаги бозорда мусиқа қўймасликка чақиргани ҳақида ёзишди. Бу чақирув “Толибон” манфаатига хизмат қиладими?
“Бу хабарни берган нашрлар ҳеч қандай расмий манба кўрсатмаган ва бу хабарларни Афғонистон вакиллари ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳақиқатдан йироқлигини таъкидлаган. Афғонистоннинг мусиқа масаласидаги қарашларига келадиган бўлсак, бунақа масалаларда икки мамлакат ҳам ўз манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилиш энг доно йўл деб ҳисоблайман. Кейинги масалада Афғонистон мусиқаларни чеклаши эмас, балки мусиқий тадбирлар ва концертлар бўлишига эътироз билдирган. Бу “Толибон” манфаатига хизмат қилмайди.Чунки энди юзага келаётган муносабатларнинг, шаклланаётган ҳамкорликларнинг бузилишидан ҳамда совуқлашувидан икки давлат ҳам манфаатдор эмас”, деб жавоб берди афғоншунос.
3. Толибоннинг бу чақириғига нисбатан бошқа давлатлардан кўра кўпроқ “қучоқ очаётган” Ўзбекистон қандай жавоб қайтариши керак?
“Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон орасидаги муносабатларнинг сиёсати шундан иборатки, улар орасида интеграция жараёнларини кучайтириш керак. Бу бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Интеграция жараёнида мамлакатлар бир-бири билан рақобатлашиши ва баҳслашишига истисно қилиш керак, аксинча рақобатдан кўра улар билан ҳамкорлик қилиш керак. Марказий Осиё мамлакатларини кўрадиган бўлсак, улар ҳам Афғонистон билан муносабатларини яхшилаб оляпти. Буни Афғонистон элчисини яқин шарқ мамлакатларига расмий баёнот билан келганда барча давлатлар илиқ кутиб олганлигидан ҳам билиш мумкин”.
4. Муваққат ҳукумат агар бозорда концерт ва мусиқий дастурларни бекор қилмаса, Афғонистон фуқароларига ушбу умумий бозорга киришга рухсат этилмаслигини айтишган. Хўш, бундай ким кўпроқ зиён кўради?
“Иккала томон ҳам зиён кўради. Чунки Ўзбекистон атрофидаги қўшни мамлакатлар билан яхши муносабатда бўлишдан манфаатдор. Президентимиз БМТда сўзлаган нутқида ҳам Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг бир қисми деб билишини таъкидлаган эди. Бу сўзларнинг далили сифатида мана шу савдо комплексининг шаклланишида кўришимиз мумкин”, деди Ҳамза Болтаев.
5. Сўнгги пайтларда “Толибон”нинг Ўзбекистон билан сиёсатида айрим тушунмовчиликлар кузатилмоқда. Муваққат ҳукумат Тошкентдаги ўз элчисини бир неча марта ўзгартирди ва бунинг сабаблари номаълум. Сизда буни изоҳлаш учун қандайдир тахминлар борми?
“Бу саволга Болтаев: Ўзбекистон ва “Толибон” ўртасидаги муносабатлар тарихига қарайдиган бўлсак, йилдан-йилга мустаҳкамланиб боряпти. Ўтган йилда эса Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Афғонистондаги ташрифида икки давлат иқтисодий, савдо-сотиқ ишларини 3 миллиардга чиқариш мумкинлиги ҳақидаги гаплар тарқалган ва баёнот берилганди. Бу воқеадан сўнг Афғонистондаги энг юқори мартабали шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг ташрифи деб қаралганди. Бундан, албатта, билиш мумкин Ўзбекистон баёнот бериш билан чекланиб қолмасдан, Афғонистон билан ҳамкорлик қилиняпти, буни транспорт йўллар қуриш орқали денгиз портларига чиқаётганлигидан ва “Қўштепа” канали қурилишидан ҳам билиш мумкин”, деб жавоб берди.
6. Ноаниқлик тушунчасини нафақат “Толибон”да балки, азал-азалдан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Яъни Ўзбекистон бугун “Толибон” ҳукуматини, Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олганми?
“Ўзбекистон “Толибон” ҳукуматининг расман тан олган ёки олмаганлиги бу энг катта масала эмас, балки энг катта масала ҳамкорлик ва икки мамлакатнинг прагматизм соябони остида янада ривожланиши. Расман тан олинганлиги ва олинмаганлиги керак, албатта, чунки расман тан олинмаган сиёсий куч билан ҳамкорлик қилиш кутилган натижаларни бермаслиги мумкин. Лекин бугунги мақсадларимизга эришиш учун расман тан олинган ёки олинмаганлигини баҳона қилиб, ҳамкорликни уза олмаймиз”, дея жавоб берди афғоншунос.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Ўшанда “Толибон” томонидан Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинланган Муғфуруллоҳ Шаҳоб олдинги ҳукумат даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмийнинг ўрнини эгаллаган. Бироқ апрель ойида Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнига Абдул Ғаффор Теравий элчи этиб тайинланди. Август ойида эса “Толибон” муваққат ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирлигининг учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги расмий элчиси сифатида Абдул Ғаффор Теравий таништирилганини айтди.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь