Ўзбекистон ва “Толибон” Амударёнинг сувидан фойдаланиш бўйича муҳим келишувга эришди
Жамият
−
01 Май
8970Кеча, 30 апрель куни Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров бошчилигидаги расмий делегациянинг Афғонистонга амалга оширган хизмат сафари давомида икки давлат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари бошқаруви ва савдо-иқтисодий алоқалар бўйича муҳим стратегик келишувларга эришилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Балх вилояти ҳокими Ҳожи Муҳаммад Юсуф Вафо билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама савдо, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт-импорт тартибларини соддалаштириш, ўсимликлар карантини, сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва уларни биргаликда бошқариш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация “Толибон” муваққат ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги ҳамда сув ва энергетика вазирликлари билан ҳам амалий мулоқотлар ўтказган ва унда Амударё сув ҳавзасини биргаликда бошқариш ҳамда сувдан адолатли ва оқилона фойдаланиш бўйича муҳим битим имзоланган.
“Бу ҳужжат нафақат икки томонлама ҳамкорликни, балки Марказий Осиёдаги экологик барқарорлик ва трансчегаравий сув ресурслари бўйича келажакдаги ўзаро масъулиятли ёндашувларни белгилаб беради. Айтиш мумкинки, мазкур ташриф Афғонистон билан яхши қўшничилик, иқтисодий интеграция ва сув дипломатияси йўналишидаги янги даврни бошлаб берди. Айни вақтда, бу Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик, барқарор тараққиёт ва экологик хавфсизлик йўлидаги қатъий сиёсатини амалда намоён этувчи навбатдаги муҳим қадамидир.
Қолаверса, муҳокама қилинган ҳар бир йўналиш – қишлоқ хўжалиги, экспорт-импорт, карантин чораларидан тортиб сувдан фойдаланишгача – икки давлат манфаатларига хизмат қилиш билан бирга, бутун Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий барқарорлиги ва экологик хавфсизлигига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда”, дея қайд этган вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 март куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Сурхондарё вилоятидаги “Термиз” халқаро савдо марказига ташриф буюрган Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказганди.
LiveБарчаси
17 Июнь