Ўзбекистон тоғларида йўқолган иккита шаҳар топилди
Жамият
−
26 Октябрь
74547Археологлар Ўзбекистоннинг жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга тегишли иккита шаҳар қолдиқларини топди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Аниқланган шаҳарлардан бири — Тугунбулоқ бўлиб, унинг майдони камида 120 гектарни ташкил этади ва у денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган. Ҳозирда ушбу баландлик яшаш учун яроқсиз ҳисобланади.
Иккинчи топилган шаҳар Тошбулоқ бўлиб, майдони 12 гектардан 15 гектаргача бўлган. Тугунбулоққа нисбатан кичикроқ бўлишига қарамай, унда ҳам қалъа бўлган. Олимлар у ерда Тугунбулоқдаги уйлар билан ўхшаш шакл ва ўлчамга эга бўлган камида 98 та кўзга ташланадиган тураржой топган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Тошбулоқ VI—XI асрлар оралиғида, Тугунбулоқ эса VIII—XI асрларда мавжуд бўлган.
Nature журналида эълон қилинган мақолага кўра, тадқиқотчилар гуруҳига Цент-Луисдаги Вашингтон университети антропологи Майкл Фракетти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов раҳбарлик қилган.
“Энди ушбу топилма туфайли Марказий Осиё тарихи ўзгаради”, дейди Фарҳод Мақсудов.
Тадқиқотчилар жамоасининг таъкидлашича, Тугунбулоқ ва кичикроқ шаҳар бўлган Тошбулоқ VIII ва XI асрларда гавжум шаҳар бўлган. Ҳозирда бу каби баланд ҳудудда дунё аҳолисининг 3 фоизигина яшайди — Тибет ва Перуда.
Гуруҳ дастлаб 2011 йилда тоққа саёҳат пайтида кичикроқ шаҳар бўлган Тошбулоқни топган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, тоғлардан бирининг чўққисига кўтарилаётиб, улар ғалати тепаликлар билан қопланган текисликни пайқаб қолган. Бу тепаликлар оддий кўзга унчалик эътиборли кўринмаган. Шу жойда улар минглаб сопол парчаларига ҳам дуч келган.
Маълумот учун, 2015 йилда Тошбулоқда қазишма ишлари олиб борилаётганда, Фракеттига бу жойдан бир неча километр нарида оиласи билан яшайдиган ўрмон хўжалиги инспектори мурожаат қилиб, уйининг орқа ҳовлисида ҳам шундай турдаги сопол идишлар борлигини айтган.
Фракеттининг сўзларига кўра, тарихий қайдларда мазкур ҳудудда шаҳар борлиги ҳақида сўз боради, аммо гуруҳ денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда майдони 12 гектарни ташкил этадиган шаҳарга дуч келишларини кутмаган.
“Одатда олимлар аҳоли тураржойлари мавжудлигини исботлаш учун водийнинг текис ҳудудларини ўрганган, шу боис ушбу топилма эътиборга молик”, дейди Оксфорд университети профессори Питер Франкопан.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Наманган вилоятидаги 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган Ахсикент ёдгорлигида қадимий ашёлар топилганди.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси