Бахтиёр Саидов тан олинмаган “Толибон” раҳбарияти билан учрашди
Олам
−
13 Март
7138Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистонга борди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Ўзбекистон вазири Кобулга сафари чоғида Афғонистон муваққат ҳукуматининг бир қанча мансабдор шахслари – бош вазир вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд, бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Мавлавий Абдул Салом Ҳанафий, бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазирлиги вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий, ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Халифа Сирожиддин Ҳаққоний, савдо ва саноат вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий билан учрашувлар ўтказган.
“Бизни бой ва муштарак тарихимиз, умумий анъаналаримиз ва келажагимиз бирлаштиради. Биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган кўплаб имкониятлар мавжуд”, дейди Бахтиёр Саидов.
Унинг билдиришича, музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинган. Иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун, 2021 йил баҳорида АҚШ ўз Қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлаган эди. Ўша йилнинг 15 августида “Толибон” Қобулга жангсиз кириб келди ва 7 сентябрда улар қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб билан учрашганди. Кейинчалик "Толибон" вакили Муғфуруллоҳ Шаҳоб Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинлангани маълум қилинди. 19 февраль куни “Толибон” муваққат ҳукуматининг миллий темирйўл бошқармаси бошлиғи мулла Бахт ул Раҳмон Шарофат бошчилигидаги делегация Трансафғон лойиҳаси йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь