“Ўзбекистон ташриф қоғози” ишлаб чиқилади

Жамият

image

Энди “Ўзбекистон ташриф қоғози” ишлаб чиқилиб, у хорижий телеканалларда эфирга узатилади ва туризм бренди янгиланади. Шунингдек, АҚШ, Хитой, Араб давлатлари, Япония, Корея, Франция, Германия, Буюк Британия, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг йирик шаҳарлари гавжум кўчаларидаги экранларга “Ўзбекистон туризм бренди” ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади. Бу бўйича тегишли вазифалар бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга топширилган. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Президент томонидан бу йил Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклиги таъкидланган. Ушбу мақсад учун 100 миллиард сўм ажратилган.

Бундан ташқари, миллиардлик обуначилари бор интернет платформаларида Ўзбекистон ҳақидаги реклама роликларини кўпайтирилиши бўйича Президент томонидан топшириқ берилган.

Маълум қилинишича, Тошкент, Жиззах вилоятларида қишки мавсумда – тоққа чиқиш, чанғи учиш майдонлари, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ёзги мавсумда – чўмилиш масканлари ташкил этилса, туристик мавсум яна икки ойга узайтирилиши мумкин.

Шу муносабат билан тегишли вазирликлар ва мутасаддиларга фестивал ва маданият тадбирларини кўпайтириш, қишки, экологик туризмни ривожлантириш, қўриқхона, табиат боғлари ва табиат ёдгорликлари имкониятидан фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Ички туризм бўйича муаллимлар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида дастурни тасдиқлаб, уларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати ва дам олишларини ташкил қилишни бошлаш топширилди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари туроператорларни жалб этиб, ПР маркази филиалларини ташкил қилиши кўрсатиб ўтилди. Улар:

•  ҳар бир вилоятнинг “ташриф қоғози”ни ишлаб чиқади;
•  Тошкент шаҳри ҳамда ҳудудлардаги аэропорт, вокзаллар ва меҳмонхоналарда “туризм бекатлари”ни ташкил қилади;
•  ҳар бир вилоятнинг ўзи учун хос бўлган “мавсумий туристик пакети”ни тайёрлайди;
•  фестивал ва концертлар ўтказиш графигини тасдиқлаб, нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам эълон қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ташриф қоғози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг