Ўзбекистон сув танқис 33 та давлат қаторига қўшилиши мумкин

Жамият

image

Экспертлар томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб 7 млрд куб метр сув танқислиги юзага келади. Бу эса мамлакатнинг 33 та сув танқис ҳудудлар қаторига тушиб қолишига сабаб бўлади.

Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ раиси биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Тоҳир Ҳайдаров Олий Мажлис Сенатининг 43-ялпи мажлисида маълум қилди.

“Сув танқислиги йилдан-йилга долзарблашиб бормоқда. Ёғингарчиликнинг камлиги ва аномал иссиқ кўплаб сув омборларининг бўшаб қолишига олиб келмоқда”, деди у. 

Бунга жавобан Сенат раиси Танзила Норбоева минтақанинг кейинги тараққиёти ҳеч шубҳасиз сув омилига боғлиқлигини билдирди. 

“Бизга жамият ва давлат имкониятларини тўлиқ сафарбар қиладиган, барча учун бирдек мақбул, манфаатли ва масъулиятли сув сиёсати керак. Бу борада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш – биринчи галдаги вазифа.

Рақамли ва илмий жиҳатдан асосланган тежамкор технологияларни кенг жорий этмасдан туриб, сув муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.

Сувни асраб-авайлаш ахлоқий тарбиямизнинг ажралмас қисмига айланиши шарт”, деди Норбоева.

Унинг айтишича, биринчи навбатда, одамлар, айниқса ёш авлоднинг экологик маданиятини тўғри шакллантириш зарур.

“Лекин, ташаббус Сенат томонидан илгари сурилгани билан, ушбу масалада Ҳукумат, вазирлик, идоралар ва илмий ҳамжамиятнинг ўзаро уйғун ҳаракати таъминланмаса кутилган натижага эришиш қийин”, деди бу борадаги ишлар сустлигига эътироз билдириб Сенат раиси.


Мақола муаллифи

Теглар

сув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг