Ўзбекистон Суперлигасининг 4 та учрашуви якунланди

Спорт 3074
image

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Суперлигаси 25-туридан ўрин олган 4 та ўйин ўтказилди. Дастлаб куннинг илк баҳси “Қўқон-1912” ҳамда ОКМК ўртасида бўлиб ўтди. Мазкур учрашув 2:2 ҳисобида жанговар дуранг билан якунланди. 

Ўйиннинг 15-дақиқасида Боаке Олмалиқ жамоасининг биринчи голини уриб, ҳисобни очди. 72-дақиқада Андрей Сидоров мувозанатни тенглаштирди. 82-дақиқада эса Йўлдошев яна кончиларни олдинга олиб чиқди. Ордан бир дақиқа ўтар-ўтмас, Йосович ўз  голи билан Қўқон шаҳри жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.  

Ушбу натижадан сўнг ОКМК очколари сонини 47 тага етказиб олган ҳолда 2-ўринни сақлаб қолди. 33 очкога эга қўқонликлар 8-поғонадан жой олган.

Турнирнинг марказий учрашуви Жиззахда “Сўғдиёна” ва “Насаф” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди ва унда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

Мезбонлар сафида Шоҳруз Норхонов ҳисобни очган бўлса, 80-дақиқада Ҳусаин Норчаев мувозанатни тиклади.

Очколари сонини 44 тага етказиб олган жиззахликлар тўртинчи, ҳисобида 45 очко бўлган “аждарлар” эса 3-ўринни эгаллаб турибди.

Шунингдек, 25-турнинг яна бир баҳсида “Бунёдкор” ўз майдонида “Сурхон”ни қабул қилди. Мазкур баҳсда майдон эгалари 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Дастлаб, Авазбек Ўлмасалиев ўйинда ҳисобни очди. Меҳмонлар сафида Мурод Бобожонов мувозанатни тиклади. Шундан сўнг, Ўлмасалиев дублни расмийлаштирган ҳолда, жамоасини олдинга олиб чиқди. Баҳснинг 68-дақиқасида Хуршид Ғиёсов орадаги фарқни иккитага оширди. 

Шундай қилиб, “қалдирғочлар” ушбу ғалабадан сўнг, очколари сонини 42 тага етказиб олд. Айни дамда улар 5-ўринда бормоқда. 22 очкоси бор “Сурхон” 10-поғонада жойлашган.

25-турнинг яна бир марказий баҳсида “Локомотив” ўз майдонида “Пахтакор”ни қабул қилди ва йирик 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди.

“Шерлар” сафидаги 3 голнинг барчасини “шерлар” вингери Ҳожимат Эркинов рақиб дарвозасига киритди.

Шу тариқа, Хюистра шогирдлари очколари сонини 60 тага етказиб олди. “Темирйўлчилар” ҳисобида 36 очко мавжуд.
 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 82
Рейтинг: 2.9
t
×