Ўзбекистон Россияга ИШИД жангариларини тутишга ёрдам берди – Бортников
Жамият
−
05 Октябрь
7320Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати ахбороти билан жорий йилда Россияда ИШИДга алоқадор гуруҳларнинг 15 аъзоси аниқланди. Бу ҳақда кеча, 4 октябрь куни Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг хавфсизлик ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишида сўз очди.
“Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ахбороти асосида Россия ФХХ томонидан “Хуросон вилояти” халқаро террорчилик ташкилоти минтақалараро ячейкасининг 10 жангаридан иборат фаолияти тўхтатилди”, деган Бортников.
Бортников сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳамкасблари ёрдами билан Россия ҳудудида янги жангариларни ёллаш ва терроризмни молиялаш билан шуғулланган ИШИД ва “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” деб номланган гуруҳнинг беш аъзоси қўлга олинган.
Россия ФХХ раисининг маълум қилишича, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси кўмаги билан Россия ҳудудида экстремистик фаолияти учун халқаро қидирув эълон қилинган тўрт шахс қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда МДҲ давлатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 55-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ермек Сагимбаев, Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин, Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов, Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Али Нагиев, Арманистон ва Беларусь делегациялари, шунингдек, Ижроия қўмита ва МДҲ Аксилтеррор маркази вакиллари иштирок этган. Александр Бортников ушбу тадбирда айни пайтда Россия “Толибон”ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш масаласини кўриб чиқишни якунлаётганини ҳам айтганди.