Ўзбекистон Россиядан газ импорт қилишга тайёр – РИА Новости
Жамият
−
25 Сентябрь 2023
8291Ўзбекистондаги инфратузилма 1 октябрдан бошлаб Россиядан табиий газ импорти учун тайёр ҳолга келтирилди. Бу ҳақда РИА Новости маълум қилди.
Нашрнинг Ўзбекистон Энергетика вазирлигидан иқтибос келтиришича, 1 октябрдан мамлакат Россия газини қабул қилишга тайёр. Газ қувурлари юқори босимли газни қабул қилишга мослаштирилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати ва “Газпром” Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида табиий газ импорти бўйича шартнома имзолаган ва кейинроқ Ўзбекистон томони келишув икки йилга тузилгани ҳамда етказиб бериш 1 октябрдан бошланиши ҳақида маълум қилган эди. Келишувга кўра, харид ҳажми йилига қарийб 2,8 млрд куб метрни ташкил қилади.
“Ҳозирда Ўзбекистондаги нефть-газ корхоналарида йилига қарийб 70 млрд куб метр табиий газ ва 8 млн тонна суюқ углеводород қазиб олиш имкони бор. Аммо захираларнинг тугаши ва технологик йўқотишлар туфайли сўнгги 15 йил ичида углеводород қазиб олиш сезиларли даражада камайган.
Масалан, 2022 йил якунига кўра, республикада табиий газ қазиб олиш 2021 йилга нисбатан 4 фоизга камайиб, 51, 665 млрд куб метрни ташкил қилган бўлса, нефть қазиб олиш 2023 йилнинг январ-июнь ойларида 9,6 фоизга камайган ва 23,565 млрд куб метрни ташкил этган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Россия гази Қозоғистон орқали ўтадиган “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Ўзбекистонга етказиб берилади.
Машҳура Имомова
LiveБарчаси