Ўзбекистон Россиядан 1 млн тонна нефть сотиб олмоқчи
Жамият
−
04 Ноябрь 2023
6900Кеча, 3 ноябрь куни Москвада 2024 йилда Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга нефть хомашёси етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага етказишни назарда тутувчи уч томонлама ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни Энергетика вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, ҳужжатни Россия Федерацияси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Павел Сорокин, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев ва Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Ерлан Аккенженов имзолаган. Ҳужжатда қайд этилишича, келишувни амалга оширишда “Омск – Павлодар – Чимкент – Шагир” нефть қувури орқали юк ташишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Шартномада томонларнинг узоқ муддатли асосда 2024 йилда ва кейинги йилларда нефть хомашёси етказиб беришни 1 миллион тоннага етказиш бўйича тижорат шартномаларини амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши белгилаб қўйилган. Жумладан, нефть хомашёсининг ўзаро мақбул нархини келишиш ҳамда унинг ҳажмини оширишни ҳисобга олган ҳолда, томонларнинг мамлакатлари ҳудуди бўйлаб нефть хомашёсини тўлиқ ҳажмда тўсқинликсиз ташиш таъминланади”, дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, мазкур шартнома қуйидаги мақсадларни амалга оширишга имкон беради:
- жорий йилнинг 6-7 октябрь кунлари бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида уч давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувни тезкорлик билан амалга ошириш;
- транспорт харажатларини ҳисобга олган ҳолда, темир йўл орқали етказиб беришга нисбатан арзонроқ бўлган нефть қувурлари таъминотини ривожлантириш;
- Ўзбекистон Республикаси ҳамда чегарадош ҳудудларнинг нефть қувурлари инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- нефть хомашёси билан барқарор таъминлаш ва мамлакатимизда юқори сифатли бензин ҳамда бошқа ёқилғи-мойлаш материалларини ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши муносабати билан Ўзбекистондаги нефтни қайта ишлашга ихтисослаштирилган иккита заводнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш;
- бензин ишлаб чиқаришнинг кўпайиши Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ҳам кенгайтириш имконини яратади. Бу эса хизмат кўрсатиш ҳамда ёқилғи сотиш географияси бўйича аҳолига сифат жиҳатидан янги хизматлар кўрсатиш имконини беради;
- Россия нефть хомашёсининг барқарор таъминоти мавжуд нефтни қайта ишлаш қувватларини модернизация қилишга, шунингдек, янгиларини қуриш ва юқори қўшимча қийматга эга экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлганди.
LiveБарчаси