Ўзбекистон парламенти аъзолари снайпердан ўқ узишни ўрганди
Жамият
−
02 Март 2020
8375Ўзбекистондаги энг катта полигонда биринчи маротаба 45 нафар сенатор ва депутатлар снайпер, Макаров пистолети, плумёт ҳамда ТОЗ-8 қуролларидан амалда отишди. Уч нафар депутат “қониқарсиз” баҳо олди. Бу ҳақда ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Кеча, 1 март куни биринчи маротаба Марказий ҳарбий округига қарашли Ўзбекистондаги энг катта полигон – “Каттақўрғон” дала ўқув майдонига Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов бошчилигида сенатор ва депутатлар ташриф буюрди.
Ҳарбий формадаги депутат ва сенаторларга Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов полигонда ҳарбийлар учун яратилган шарт-шароитларни кўрсатди. Фахрийлар, ҳарбий прокуротура ходимлари, депутат ва сенаторлар томонидан полигондаги ҳарбий шаҳарча ҳудудига 200 га яқин кўчат экилди.
Шундан сўнг, 45 нафар сенатор ва депутат амалий ўқ отиш майдонига йўл олди. 15 нафар аёл депутат (улардан 2 нафари сенатор) ТОЗ-8 қуролидан синов машқларини бажарди. Вилоят ҳокими ва округ қўмондони ҳамда икки нафар сенатор Макаров пистолетидан, 27 депутат эса снайпер, қўл плумёти қуролларидан амалда ўқ отишди.
Дастлабки 6 дона ўқ синов тариқасида, кейингилари баҳо учун отилди. Отиш тайёргарлиги ва унинг баҳоланиб боришига полковник Қаҳрамон Очилов масъул этиб белгиланди. Биринчи маротаба ўқ узишларига қарамасдан, натижалар ёмон бўлмади. Унга кўра, 8 та “аъло”, 13 та “яхши” ҳамда 21 та “қониқарли” баҳо қўйилди. Уч нафар депутат эса Навоий шаҳрига “қониқарсиз” баҳо билан қайтадиган бўлди.
Тадбир сўнгида сенатор ва депутатларга ҳамда “Ҳарбий-ватанпарварлик спорт лагери”да 5 кун давомида фаоллик кўрсатган ёшларга Марказий ҳарбий округ қўмондонлигини эсдалик совғалари топширилди.