Ўзбекистон пандемияга қарши қандай курашяпти? Мутахассис жавоб берди

Интервью 13409
image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини қайта тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари кучайтирилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов карантин чораларининг қайтарилиш сабаблари, Ўзбекистоннинг пандемия даврида олиб бораётган сиёсати ва вазиятнинг ривожланиш прогнозлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича карантин чекловлари 10 июлдан 1 августгача кучайтирилди. Мазкур чекловлар нима сабабдан киритилмоқда?

Таъкидлаш лозимки, коронавирус билан боғлиқ вазият сўнгги пайтларда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда янада мураккаблашиб бормоқда. Кўплаб давлатлар инфекциянинг тарқалишини камайтириш учун илгари олиб ташланган чекловларни қайта киритишмоқда. Масалан, Хитойда айрим шаҳар ва туманлар қайта ёпилмоқда, АҚШда ҳам баъзи шаҳар ва штатларда карантин режимига қайтарилмоқда, Европа давлатлари эса бекор қилинган чекловларни қисман тикламоқда. Худди мана шундай ҳолат бизнинг давлатимизда ҳам содир бўлмоқда. Қозоғистон ҳукумати эпидемиологик вазият ёмонлашаётган фонида яна карантин чораларини кучайтирди. Арманистонда "ниқоб режими" кучайтирилиб, юзлаб дўконлар, дорихоналар, гўзаллик салонлари ва кафелар фаолиятига қайтадан чекловлар қўйилди. Озарбайжонда вазиятнинг кескинлашуви туфайли карантин яна икки ҳафтага узайтирилди. 

Ўзбекистондаги вазият қандай ўзгармоқда? Амалда қатъий ва объектив чекловлар зарурлиги туфайли Ўзбекистонда касалланишнинг шиддатли тарқалиши ва назоратсиз ошиб кетиши олди олинди.

Қўшни мамлакатлар ва ҳатто Европа ва АҚШдан фарқли ўлароқ, бизда аҳолининг асосий эҳтиёж товарларига танқисликнинг ошиши ва оммавий саросимага йўл қўйилмади.

Озиқ-овқат, дори-дармон, антисептиклар ҳамда дезинфекциялаш маҳсулотлари савдосини назорат қилиш бўйича олиб борилган тезкор чора-тадбирларнинг барчаси вазиятни барқарорлаштириш мақсадида амалга оширилди. 

Бироқ карантин режимининг сусайиши инфекциялар сонининг ортишига олиб келди. Қаттиқ карантин даврида 16 мартдан 10 майгача касалланиш ҳолатлари сони 2 418 тани ташкил этган бўлса, карантин чоралари юмшаганидан сўнг 10 майдан 9 июлгача бўлган даврда касалланиш ҳолатлари сони 9 029 тага етди. Карантин талабларининг сусайиши билан коронавирус билан касалланганлар сони июль ойининг биринчи ҳафтасида 2 167 тага кўпайди. Шулардан 1 267 (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган. Май ойида ўртача кунлик 51 та ҳолат рўйхатга олинган бўлса, июнь ойидаги кўрсатгич 163 тага етди. Июль ойи бошидан буён кунига ўртача 324 нафар киши ушбу касалликка чалинди.

Аммо чеклов чораларини қайта бошлаш, аввалгидек бўлмаса ҳам иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ушбу чоралар қандай самара беради?

Чеклов чораларининг ҳозирги босқичи объектив равишда аввалгиси билан солиштириб бўлмайди. Чеклов чоралари асосан хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш соҳалари, яъни одамларнинг оммавий тўпланиши билан боғлиқ бўлган тармоқларга тегишли. Aмалдаги чора-тадбирлар вирус тарқалишини секинлаштиришга қаратилган. Бир вақтнинг ўзида камроқ одам юқтирса, ўта оғир беморларни даволаш осонроқ бўлади. Энг самарали восита вақт омилидир. Иқтисодиётда кенг кўламли тўхтатиб туриш тўғри келмайди. Иқтисодий фаолиятнинг умумий пасайишини кутмаслик керак. Aксинча, сентябр ойига қадар тўхтатиб қўйилган корхоналарнинг камида 70 %и, йил охирига келиб эса ушбу корхоналарнинг барчасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ҳукуматнинг топшириғи бўйича Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази чеклов чоралари тўлиқ олиб ташлаганидан кейин юзага келиши мумкин бўлган вазиятни ривожлантириш учун янги сценарийларни, шу жумладан, 2021 йилгача касалликнинг такрорланиш тўлқинларининг юқори эҳтимолликдаги прогнозларини қисқа муддатларда ишлаб чиқмоқда. Бу бизнинг прогнозимизда ўз аксини топган.

Пандемия яқин орада сусаймайди ва иқтисодий фаолият эпидемиологик вазиятга қараб олиб борилади. Aйтишим мумкинки, агар эпидемиянинг янги тўлқини бошланганлиги сабабли карантин чоралари кучайтирилмаса, Марказимизнинг прогнозларига кўра, жорий йилнинг декабрь ойига қадар коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони деярли 64 минг беморга етиши мумкин. Шу билан бирга ушбу беморларни парвариш қилиш учун қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ керак бўлади. Бугунги кунга қадар коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш харажатлари (тестлар, дорилар, ҳимоя воситалари, тиббиёт ходимларига тўланадиган тўловлар) учун 750 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган. Кўриб турганингиздек, бу мамлакат бюджетига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Марказиилмий ходимлари мазкур сценарийни инқироз ривожланишининг кўриб чиқилаётган чоралар орасида энг мақбули деб ҳисоблашади. 

Карантин чораларини кучайтириш самарасини эса 15-20 кун ичида баҳолашимиз мумкин бўлади. Ҳаммаси бу бизнинг ушбу чораларга қанчалик риоя қилишимизга боғлиқ. Aлбатта, иқтисодиёт янги хавф-хатарларга мослашиши керак ва айни пайтда иқтисодиёт соҳалари касал фуқаролар сонига қараб очилиши ёки ёпилиши мумкин.

Чеклов чораларини пайтида ижтимоий заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар мавжудми?

Ҳа, мавжуд. Республика комиссиясининг қарори билан 20 кунлик карантин даврида 120 минг ижтимоий муҳофазага мухтож оилани бепул озиқ-овқат, дори-дармон ва бирламчи махсулотлар билан таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мақсадли тақсимлаш ва молиявий ёрдам кўрсатиш учун ҳомийлик, хайрияни мувофиқлаштириш ва кўнгиллилар марказлари ташкил этилади.

Ёлғиз кекса одамлар, кам таъминланган, кўп болали оилалар, оғир касаллар, икки ёки ундан ортиқ болани тарбиялаётган бева аёллар, ота-оналари ногиронлар ва етимларни тарбиялаётган оилаларга ёрдам кўрсатилади. Отаси ёки онаси ёки бўлмаса,  иккаласи ҳам ишсиз бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, аммо пандемия сабабли вақтинча даромадларидан маҳрум бўлган оилаларга ёрдам кўрсатилади.

Сизнингча, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан солиштирганда пандемия билан қандай курашмоқда?

Ўз вақтида ўтказилган карантин чоралари туфайли, Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси бўйича аҳвол қўшни давлатлар, МДҲ ва дунё даражасидан умуман олганда бир неча баравар яхши. Ва бу ҳақиқатан ҳам шундай. Aйрим мамлакатларда кузатилаётган кунлик юзлаб ва минглаб йўқотишлар ҳозирда Ўзбекистонда кузатилмади. Бошқа давлатлар билан таққослаганда аҳолининг сонига мутаносиб равишда зарарланишлар сони минимал кўрсаткичларга яқин. 100 минг кишига тўғри келадиган ҳолатлар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида охирги ўринда – бизда бу кўрсаткич 35 кишини ташкил этмоқда. Таққослаш учун, Россияда бу кўрсаткич – 484 киши, Белорусияда – 681 киши, Қозоғистонда – 291 киши, Қирғизистонда – 143 киши, Aрманистонда – 1024 киши. Бу кўрсаткич 34 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда 18,5 миллион аҳолиси бўлган Қозоғистонга нисбатан деярли 5 баравар кам. Мамлакатимизда коронавирусдан ўлим даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади – 0,4 фоиз. Бу қўшни давлатлар - Қирғизистон ва Қозоғистонга нисбатан деярли 2-3 баравар паст. Россияда бу кўрсаткич 1,5 фоизни, AҚШда 4 фоизни, Бразилия 3 фоизни ва Ҳиндистонда 3 фоизни ташкил қилади.

Ушбу таҳлиллар ҳақиқатан жуда катта ишлар олиб борилганидан далолат бермоқда. Бу кўрсаткичлар қайси чоралар эвазига эришилди?

Дарҳақиқат, бу борада давлат коронавирус инфекцияси тарқалишини чеклаш, аниқлаш ва даволаш билан боғлиқ барча харажатларни тўлиқ ўз зиммасига олди. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш учун жами 1,7 трлн. сўм маблағ сарфланди. Шу билан бирга, ўрта оғирликдаги беморларни даволаш учун ўртача 32,3 миллион сўм (3200 AҚШ доллари), реанимацияда бўлган беморни даволаш учун 64,4 миллион сўм (6300 AҚШ доллари) сарфланди.

Қўшимча қилиш мумкин, масалан Fair Health мустақил нотижорат ташкилоти экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШда коронавирусни даволаш суғурта қилинмаган бемор учун 73,3 минг долларга, суғурта полисига эга бемор учун 38 минг долларга тушади, шунингдек, коронавирусни даволаш 1 миллион долларни ташкил қилган беморлар ҳам бор экан.

Aжратилган маблағлар эвазига соғлиқни сақлаш салоҳиятини сезиларли даражада ошириш имконияти яратилди. Шахсий ҳимоя воситалари, сунъий ўпка вентиляцияси ускуналари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналарни кўп миқдорда сотиб олишга маблағлар ажратилди. Масалан, 878 минг дона тиббий ходимларнинг соғлиғини сақлашга имкон берадиган ҳимоя кийимлари сотиб олинди. 

Шифокорларга касалликни оммавий юқишини олдини олишга муваффақ бўлдик. Масалан, Нью-Йоркда ушбу муаммо баъзи клиникаларда тиббий ходимлар сонининг кескин тушиб кетишига олиб келди.

Шу билан бирга, 16 та тиббиёт муассасасининг фаолияти коронавирус инфекциясини даволашга қайта мослаштирилди. Тошкент шаҳрида бир пайтнинг ўзида сиғими 4 637 нафар киши бўлган 16 та тиббий муассасалар фаолият юритмоқда. Шундан 3 580 та жой COVID-19 билан касалланган беморлар учун ажратилган. 

Вилоятларда COVID -19 билан касалланганларни даволаш учун жами 3 367 ўринлик муассасалар ажратилган. Қўшимча тарзда яна 22 та тиббиёт муассасаларида 7 130 та захира ётоқлар ажратилган. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 1 минг ўринли янги юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилди.

Пандемиянинг нафақат инсонларнинг саломатлигига, балки салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳам мавжуд. Ушбу йўналишда қандай чоралар кўрилди?

Aгар мамлакатда коронавирус инфекциясининг биринчи ҳолати 16 мартда аниқланган бўлса, давлат раҳбарининг биринчи фармони 19 мартда эълон қилинди. Ва бугунги кунга қадар республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги барча ўзгаришлар узлуксиз таҳлил қилиниб, барча зарур қарорлар қабул қилинмоқда. Шу йилнинг март ойидан июнь ойига қадар Республикада пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга таъсирини камайтиришга қаратилган давлат раҳбарининг 14 та фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Натижада 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 трлн. сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар берилди. Бундай йирик кўламли давлат кўмаги март ойида 10 триллион сўм ҳажмдаги “Инқирозга қарши курашиш” жамғармаси ташкил этилганлиги ва бошқа кўрилган кўплаб бошқа чора-тадбирлар туфайли амалга оширилди.

Таъкидлаш керакки, Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг фаолияти шаффоф бўлиб, маблағларнинг нимага сарф қилинаётганлиги тўғрисида тўлиқ маълумотлар шакллантирилган. Шу жумладан, бугунги кунда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг харажатлари 5,3 триллион сўмни ташкил қилган бўлиб, ундан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш ҳаражатлари 746 миллиард сўм қўшимча инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш харажатлари 1 741 миллиард сўм аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари 641 миллиард сўм саноатни қўллаб-қувватлаш харажатлари 2 триллион 166 миллиард сўмни ташкил этди.

Aгар барча жалб қилинган маблағлар ҳақида гапирадиган бўлсак, коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган жами чора-тадбирларнинг умумий қиймати 62,6 триллион сўм (6,13 миллиард доллардан кўпроқ)ни (Ўзбекистон Республикаси ЯИМнинг 10 фоиздан ортиғи) ташкил қилади. Бу ҳақиқатан ҳам улкан хажмдаги молиявий кўмак ҳисобланади.

Aпрель ойида Ўзбекистон иқтисодиётида кескин пасайиш кузатилганига қарамай май ойидан иқтисодиётнинг тикланиши кузатила бошланди. Бунга қандай эришилди?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази пандемия шароитида 165 дан ортиқ мамлакатда кўрилган чораларни ўрганиб чиқди. Бу давлатларнинг ҳар бири ўзининг иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўз моделларини ишлаб чиқишган. Инқирозга қарши курашишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жуда муҳим ҳисобланиб, бунда нафақат субсидия ёки тўғридан-тўғри тўловлар, балки биринчи навбатда солиқларни камайтириш ёки улардан озод қилиш ҳам муҳим аҳамиият касб этади. Айни пайтда, Ўзбекистон иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг ушбу вариантидан фойдаланмоқда, хусусан солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, кечиктириб тўлаш имкониятлари, мақсадли субсидиялар шулар жумласидандир.

Давлат иқтисодий ва молиявий харажатларнинг катта қисмини ўз зиммасига олди, бу эса мамлакатдаги ва дунёдаги беқарор эпидемиологик вазият даврида иқтисодиётга, биринчи навбатда кичик ва ўрта бизнесга етказилган зарарни минималлаштириш мақсадида амалга оширилди. Иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм миқдорида солиқ имтиёзлари, Инқирозга қарши курашиш фондидан эса умумий хажми 3,6 триллион сўмга тенг маблағ ажратилди. Ушбу ёрдам кўламини бизнес билан бевосита боғлиқ бўлмаган аҳоли ҳис этишлари қийин бўлиши мумкин. Аммо, айнан шу чора-тадбирлар туфайли кўпгина иш ўринлари сақлаб қолинди ва ишсизликнинг ошиб кетиши тўхтатиб қолинди.

Кичик ва ўрта корхоналар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 54 фоизини ишлаб чиқаришини ва бандликнинг 76 фоизини таъминлаётганлигини ҳисобга олиб, уларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур турдаги корхоналар 1 июндан 1 сентябргача бўлган даврда ҳам мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Пандемия шароитида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда актуал муаммолардан бири бу – иш жойларининг қисқариши, ишсизликнинг ошиши ва турмуш даражасининг пасайиши ҳисобланади. Бунинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?

Aҳолини иш билан бандлигини рағбатлантириш, иш ўринлари ва даромадларини сақлаш бўйича жуда кўп ишлар амалга оширилди. Хусусан:
•    жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз фуқаролар вақтинчалик иш билан таъминланди; 
•    кам таъминланган оилаларни шахсий томорқа ерларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар бериш механизми орқали 33 мингдан ортиқ оилалар иш билан таъминланди;
•    3 мингга яқин ишсиз фуқаро тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган субсидиялар ҳисобига ишга жойлаштирилди;
•    20 минг ишсиз фуқарога ишсизлик бўйича нафақа берилди.

Мазкур чоралар натижасида уч ой давр мобайнида жами 374 минг фуқаро иш жойи ва доимий даромад билан таъминланди. Шу билан бирга, 27 минг ишсиз фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида 10 миллиард сўм ажратилди.

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари ҳам эътибордан четда қолмади. Aсосий мақсад ўзгаргани йўқ - фуқаролар соғлиғини сақлаш билан бирга давлат томонидан ўрнатилган ижтимоий мажбуриятларни бажариш. Махсус ўрганишлар натижаларига кўра, 583 мингта “кам таъминланган оилалар” молиявий ёрдамга муҳтожлиги аниқланди ва “Саҳоват ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида уларга 307 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги молиявий ёрдам кўрсатилди.

Аҳолини, айниқса, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ишсиз аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш мақсадида жами 279,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ижтимоий нафақа олувчилар сони 595 минг оиладан 723 минг оилага ёки 21 фоизга оширилди. 2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва фуқаролар даромадларини ошириш мақсадида оилавий бизнесни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар ҳажми 4 триллион сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, 8 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари қашшоқликни камайтириш ишлари давом этаётганини ҳам камида 257 минг кам таъминланган оила вакилларини иш билан таъминлаш ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 37 минг оилага кредит бериш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистонда иқтисодиётда анчагина катта норасмий секторлари мавжуд бўлиб, бу соҳада ишлаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Шунинг таъсирида улар қийин вазиятда қолишган. Айнан шу тоифага меҳнат муҳожирларининг ўз ватанига оммавий равишда қайтарилишини ҳам киритиш мумкин. Ушбу аҳоли гуруҳларини қўллаб-қувватлаш масалалари қандай ҳал этилади?

Тўғри таъкидлаб ўтдингиз ҳукуматимиз томонидан амалга чиқарилаётган сўнгги қарорлар айнан ана шу тоифадаги аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

Жумладан, жорий йилнинг 1 июлъидан бошлаб Ўзбекистонда ўзини-ўз иш билан банд қилган аҳолини рўйхатга олишнинг янги тизимини жорий қилди. Бу билан иқтисодиётнинг норасмий секторида ишлаётган жисмоний шахслар ҳуқуқий мақом берилиши билан бирга уларнинг даромадлари солиқ солинмайдиган тизим жорий этилмоқда. Давлат уларга хуфёна иқтисодиётдан чиқиб, ўз-ўзини иш билан банд сифатида рўйхатдан ўтишга ва расмий мақомга ўтиб фойда ва преференциялар олиш имконини беради.

Вақтинчалик бандлик сертификатлари 67 фаолият турлари учун берилади, шу жумладан, репетиторлик, болалар ва қарияларга қараш, биноларни тозалаш, кичик таъмирлаш, автомобиль ювиш, чорва боқиш, табиблик (лицензияга эга бўлса), макулатура ёки бошқа иккиламчи хом-ашё йиғиш ва ҳоказо. Гувоҳнома мавжудлиги мазкур тоифадаги аҳоли солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Ўзини-ўзи иш билан банд қилганларнинг даромадларига солиқ солинмайди ва ташкилотлар томонидан уларни шартнома асосида ишга олишда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда ягона ижтимоий тўлов объекти сифатида кўрилмайди.

Шунингдек, ўзини-ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун пенсияларни ҳисоблаб бориш имкониятлари ҳам яратилди. Ўзини-ўзи иш билан банд қилган шахслар, ишлаган муддатидан қатъий назар, ижтимоий солиқни 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50% миқдорида тўлайдилар (бугунги кунга келиб, БҲМ 223 минг сўм). Бу маблағ бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлиқ йўналтирилади. Шунга асосланиб, пенсияни ҳисоблаш учун даромад миқдори якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда ҳисобланади.

Ўзини-ўзи иш билан банд қилган аҳолини тезкор рўйхатдан ўтказиш учун ҳам барча шароитлар яратилган бўлиб, улар махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағи орқали матрицали штрих-код (QR-код) берилиши билан онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Қайд этиш жоизки, дастлабки бир неча кун ичида тизимда 45 мингдан зиёд ўз-ўзини иш билан банд қилган кишилар рўйхатга олинган. Йил охиригача уларнинг сони 200 мингдан ошиши кутилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан коронавирус пандемиясининг халқимиз ҳаётига таъсири борасида қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда. Улар ҳақида ҳам батафсил маълумот берсангиз. 

Жорий йилнинг июль ойи бошларида Марказ Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаш” (L2CU) лойиҳаси доирасида КОВИД-19нинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари бўйича кенг кўламли тадқиқот ўтказди. Ушбу тадқиқотга кўра, ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралар натижасида апрелъ-май ойларида ишидан айрилган ўзбекистонликлар сони 19 фоиздан 12 фоизга камайган. Шундай қилиб, бу даврда фуқароларнинг бандлик даражаси 43 фоиздан 58 фоизга ошди. Май ойида озиқ-овқат таъминотидаги узилишлар ҳақидаги мурожаатлар сони тахминан 6 фоизга тушди. Июнь ойида озиқ-овқат танқислиги бўйича янги фактлар кузатилмади ва деярли 4 миллион аҳоли фавқулодда ёрдам сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилди. Респондентларнинг катта қисми ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни қўллаб-қувватламоқда.

Марказ томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилган пандемия шароитида ҳамда давлат томонидан қўлланиладиган профилактик чора-тадбирлар кичик ва ўрта корхоналарга таъсири бўйича корхоналар кесимида ўтказилган сўровномалар асосидаги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, корхоналарнинг аксарияти (78 фоиз) пандемия билан боғлиқ чеклов чоралари доирасида бизнесни давом эттирмоқда.

Марказимиз томонидан юритилаётган яна бир индекс - июнь ойидаги ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан ўртача ўсишни кўрсатди. Ўтган ойда бўлгани каби иқтисодиётда ҳам ишбилармонлик фаоллиги тикланишда давом этаётганлигидан далолат бермоқда.

Шунингдек, биз жорий қилинган карантин ва чеклов чоралари доирасидаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ўрганиб чиқдик. Ушбу сўровда мамлакатнинг барча ҳудудларидан қарийб 1000 та корхона иштирок этди. Корхоналарнинг 76 фоизи ўз бизнеси истиқболларини "Яхшиланади", 20 фоиз "Ўзгармайди" ва фақат 4 фоиз "Ёмонлашади" деб баҳолаган. Сўровнинг учинчи даври шуни кўрсатдики, кўпчилик респондентларнинг фикрига кўра, яқин 2-3 ой ичида мамлакат иқтисодиёти жадал ривожланишни бошдан кечиради. 

Ўтказилган барча тадқиқотлар натижаларига кўра шуни айтиш мумкинки, кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётимиз пандемия каби кризис ҳолатларига (бир ой ичида кескин пасайиш кузатилган) етарли даражада барқарорлигини намоён қилди ва иқтисодиётда тикланиш жараёнлари жуда фаол амалга ошмоқда. Бу эса чекловларнинг вақтинча кучайиши тикланаётган ўсишни тўхтатмаслигини англатади.

Халқаро ташкилотларнинг прогнозларига кўра, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси пандемиянинг салбий оқибатлари иқтисодиётдаги пасайиш билан эмас, балки фақат иқтисодий ўсиш суръатларининг 1,5 фоиз даражада сақланиб қолиши билан тавсифланадиган кичик сондаги мамлакатлар гуруҳига киради, бу кўрсаткич эса бошқа давлатларникига қараганда анча юқори.

Баъзи мамлакатларда пандемия билан боғлиқ бўлган "вертолёт пуллар" усули Ўзбекистон шароитида мақсадга мувофиқ эмаслигини кўпгина таҳлилчилар билдириб ўтишган. Шундай бўлсада, кўплаб фуқаролар мазкур танловни қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда нима дея оласиз?

Баъзи мамлакатларда "вертолёт пуллари" деб аталадиган аҳолига тўланадиган тўғридан-тўғри тўловлар кўринишидаги қўллаб-қувватлаш чоралари қабул қилиниши натижасида бундай тўловларни бизда ҳам амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги мунозаралар давом этмоқда. Биз бошиданоқ бундай усулларнинг таъсирини таҳлил қилдик ва бир неча бор бундай усулларнинг самарадорлиги пастлигини тушунтирдик.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шу пайтгача амалда бир нечта давлатларгина бундай чораларни амалда қўллашган. Аксарият ҳолларда оммавий равишда эмас, балки аҳолини иш билан таъминлаш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг мақсадли воситалари қўлланилади. Ҳатто маблағларни тақсимлаш ҳолатларида ҳам, аксарият ҳолларда даромаднинг миқдори асосда чекловлар белгиланади ёки маблағлар энг кўп зарур кўрган ёки ҳимоясиз гуруҳларга берилади.

Кўпинча бундай ёрдамнинг намунаси сифатида келтирилган АҚШда ҳар бир фуқарога 1,2 минг доллар, даромадлари 75 минг долларгача ва оиладаги ҳар бир бола учун яна 500 доллар тўланади. Кўрсатилган миқдор ушбу мамлакатдаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромаднинг (ЯМД) 1,8 фоизини ташкил этади.  Агар ушбу ҳисоб-китобни Ўзбекистон шароитида олиб борадиган бўлсак, унда тўлов миқдори ҳар бир иш билан банд шахс учун 383 минг сўм ва ҳар бир болага 100 минг сўм бўлиши керак. Республика миқёсида эса бу маблағларни самарасиз сочиб юборилишини анлатади. Шунга кўра, "вертолёт пуллар" дан фойдаланишнинг асосий вазифаси бўлган талабни рағбатлантиришга эришишнинг иложи бўлмайди.

Гонконг тажрибасини Ўзбекистон шароитидан келиб чиқиб кўрсак. Гонконгда 18 ёшдан ошган барча фуқароларга тахминан 1,2 минг доллар тўланди - бу тахминан 7 миллион киши. Аҳолига пул бериш учун маблағларнинг тахминий ҳажми 9 миллиард долларни ёки Гонконг ЯИМнинг 2,5 фоизини ташкил этади.  Агар Ўзбекистонда 18 ёшдан катта бўлганларга минг доллардан тўланса ва бу тахминан 23 миллион одамни ташкил қилса, унда бу миқдор 23 миллиард долларни ташкил этади, бу ЯИМнинг 38 фоизини ва бу ҳозирда 30 миллиард доллар бўлган мамлакат олтин-валюта захирасининг 77 фоизини ташкил этади. 

Инфляциянинг тезлашиши ва бюджет тақчиллигининг ошиши хавфини туғдирадиган "вертолёт пуллар" дан фарқли ўлароқ, биз нафақат муҳтожларга ёрдам бериш, балки уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга имкон берадиган моделни қабул қилдик. Аҳолининг заиф қатламларига мақсадли ёрдам ташкил этилмоқда, мавжуд захиралар иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва одамларни иш билан таъминлаш ва шунга мос равишда даромад олиш учун ишлатилади.  Албатта, келажакда ушбу чора-тадбирлар бутун мамлакат аҳолисига бир марталик нақд пул тўлашдан кўра кўпроқ иқтисодий самара беради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 57
Рейтинг: 3
t
×