Ўзбекистон Орхус конвенциясига расман қўшилди
Жамият
−
13 Март
34612025 йил 11 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Орхус конвенциясига Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, конвенция фуқароларга атроф-муҳит ҳолати билан боғлиқ маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Халқаро ҳужжат фуқароларга ахборот олиш ҳуқуқлари бузилган тақдирда судга мурожаат қилиш имкониятини ҳам беради.
“Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборот билан таъминлаш бўйича миллий даражада чора-тадбирлар кучайтирилмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан, “Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштирок этиши ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенция (Орхус, 1998 йил 25 июнь)га қўшилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан ўтган йил 11 декабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 22 февралда маъқулланган.
Конвенциянинг мақсади экология, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, шунингдек, одил судловдан фойдаланиш имкониятини яратишдан иборат. У давлат органлари ва ташкилотлари томонидан атроф-муҳитнинг ҳаво, атмосфера, сув ва тупроқ каби унсурлари тўғрисида зарур ахборотни кенг жамоатчилик талабига биноан тақдим этишни, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва режаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик иштирокини таъминлашни белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конвенцияга қўшилиши экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишни таъминлаш, экологик хавфсизликка эришиш бўйича хорижий ҳамкор давлатлар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, Орхус конвенцияси – БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан қабул қилинган “Атроф-муҳитга оид масалалар бўйича ахборотга эга бўлиш, қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва одил судловга кириш имконияти тўғрисида”ги конвенциядир. Конвенция 1998 йил 25 июнда Даниянинг Орхус шаҳрида имзоланган.
LiveБарчаси